Рахимов Анварходжа Акбарходжиевичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


Рахимов Анварходжа Акбарходжиевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўпирилишларга ва қудуқларни сифатли қуришга таъсир этувчи гидродинамик ва технологик омиллар», 04.00.11–Қудуқларни бурғилашва ўзлаштириш технологияси (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/T77.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, Ўзбекистон нефть-газ саноати илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти, Тошкент давлат техника университети ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали, DSc.27.06.2017.GM/Т.41.01.

Расмий оппонентлар: Мамаджанов Ульмас Джураевич, техника фанлари доктори, профессор; Кулиев Юсиф Мурад ўғли, техника фанлари доктори, профессор; Акилов Жахон Акилович, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот номи: «Ўзбурғинефтегаз» АЖ.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: қудуқларни бурғилаш жараёнида тоғ жинсларининг ўпирилиш сабабларини аниқлаш ва ўпирилиш натижасида мураккаб шароитлар  вужудга келган зоналарда қудуқлар қурилишини сифатли тугатиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

тоғ жинси мустаҳкамлигининг ўзгариши бурғилаш колоннасини тушириш ва кўтариб олиш сони ҳамда тезлигига боғлиқлиги аниқланган;

суюқликни айлантириш тикланганда бурғилаш насосининг “ишга тушириш”даги босимнинг гил тоғ жинсининг кучланиш ҳолатига таъсири асосланган;

шарошкали бурғи тишлари маълум солиштирма юклама  куч остида тоғ жинсида қудуқ доирасидан ташқарига тарқалувчи юқори кучланиш ҳосил этиб, унинг  мустаҳкамлигини  камайтириши ва ўпирилишига олиб келиши аниқланган;

шарошкали бурғилар тоғ жинслари массивида деформацияни юзага келтириши ва натижада бурғилаш қоришмаси фильтратлари кириб қоладиган макро ва микро ёриқликлар юзага келиши исботланган;

геофизик тадқиқотлар ҳамда бурғилашда олинган гил жинслари заррачаларининг (шлам) амалдаги зичлигини унинг  нормал зичланган тоғ жинси зичлиги (тоғ жинси назарий зичлиги) билан таққослаш натижасида тоғ жинсининг қулаш зоналарини аниқлаш услуби ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Бурғилаш жараёнида гил қатламидан иборат бўлган қудуқ деворининг қулаши сабабларини аниқлашга қаратилган тадқиқотларнинг илмий натижалари асосида:

«Ўзбекистон нефть ва газ конларида қуловчи тоғ-жинслари мавжуд  қудуқларни бурғилаш» RH 39.0-098:2011 раҳбарий ҳужжат ишлаб чиқилган ва ишлаб чиқаришга жорий қилинган (“Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятининг 2017 йил 16 августдаги 16/2-57-сон маълумотномаси). Натижада мураккаб шароитларда қудуқларни бурғилаш, қудуқ девори турғунлигини таъминлаш, кўзда тутилмаган сарф-харажатларнинг олдини олиш имконини берган;

Фарғона минтақасида бурғилашда қудуқ деворини ўпирилишдан сақлаб қолиш технологияси жорий этилган (“Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятининг 2017 йил 16 августдаги 16/2-57-сон маълумотномаси). Натижада қудуқларни асоратсиз ва лойиҳада кўрсатилган чуқурликкача  бурғилаш, моддий-техник ва пул маблағларини тежаш имконини берган;

Сурхондарё минтақаси қудуқларини бурғилашда эрувчан полимер реагентини қўллаш жорий қилинган (“Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятининг 2017 йил 16 августдаги 16/2-57-сон маълумотномаси). Натижада полимер реагентини  қўллаш гил жинсларининг қулаши билан боғлиқ қийинчиликлар даражасини камайтириш, қудуқлар қурилишини тугаллаш муддатларини қисқартириш ва моддий ресурсларни тежаш имконини берган;

шимолий Хаққулобод майдони 1-қудуқда бурғилаш колоннасини тушириш ва кўтариш жараёнида гидродинамик босимнинг гил тоғ жинсларининг мустаҳкамлиги ва ўтказувчанлигига таъсирини баҳолаш амалиёти ишлаб чиқаришга жорий қилинган (“Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятининг 2017 йил 16 августдаги 16/2-57-сон маълумотномаси). Натижада қудуқ девори турғунлиги учун хавфсиз бўлган бурғилаш колоннасини кўтариб тушириш сони чегарасини аниқлаш, қудуқ деворлари мустаҳкамлигини таъминлаш ва қудуқни асоратсиз ҳамда авариясиз тугатиш имконини берган.


Qaytish