Тўйчиева Гулхумор Умматалиевнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


Тўйчиева Гулхумор Умматалиевнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ислом даври шеъриятида аруз тизими ва унинг эволюцион тараққиёти”, 24.00.04–Мумтоз шарқ адабиёти ва манбашунослиги ихтисослиги (филология).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.DSc/Fil144

Илмий маслаҳатчиИбрагимов Нематула, академик, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.26.04.2018.Isl.Tar/F/Fil.57.01

Расмий оппонентлар: Ҳасанов Саидбек, филология фанлари доктори, профессор, Болтабоев Ҳамидулла, филология фанлари доктори, профессор; Сирожиддинов Шухрат, филология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади квантитативлик хусусиятларини белгилаш асосида аруз тизимининг эволюцион тараққиёт йўлини аниқлаш, аруз назариясига доир Мовароуннаҳр олимлари ёзма меросининг ислом цивилизацияси тараққиётидаги аҳамиятини ёритишдан иборат.  

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:

квантитатив шеър тизимининг қадимги даврлардан бугунчага бўлган тараққиёт йўлининг босқичлари, тенденциялари ва ўзига хос хусусиятларини белгилаш асосида аруз тизими ва аруз назариясининг ривожи узлуксиз эволюцион жараёндан иборат  эканлиги исботланган;

аруз шеър тизими араб, форс ва ўзбек шеъриятларининг барчасида ташқи таъсирларсиз мустақил вужудга келган ва замонавий даврда шакл ва мазмун трансформацияларига қодир шеър тузилиши сифатида баҳоланган;

ислом Уйғониш даврида поэтик илмлар юксак тараққий этганлиги, улар ривожида Мовароуннаҳр арузшунос олимларининг ёзма мероси ва анъаналарининг ислом цивилизацияси равнақидаги салмоғи манбалар асосида далилланган;

ислом Уйғониш давридан бошлаб XIX асргача бўлган давр мобайнида форс арузи бўйича форс тилида яратилган рисолаларнинг тарихий-хронологик харитаси ишлаб чиқилган;

аруз тизимининг замонавий ривожида “янги шеър” (“شعر نو”,  “شعر سفید”, “الشعر الحور», «الشعر الحدیث») адабий оқимининг вазн (эркин аруз, оқ шеър, зина-поядорлик, силлабо-тониклик) ва мазмун трансформациялари (мoдeрнизм, симвoлизм, абстракциoнизм, экзис­тeн­циализм, мистицизм, нeoсуфизм)  ёритилган, “янги шеър” оқимининг жанр, образлилик, лирик қаҳрамон, шоир ва психолингвистик омиллар каби лингвопоэтик хусусиятлари аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертацияда ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия ва ишланмалар асосида:

форс аруз тизими ва назариясининг ривожига оид тарихий-адабий маълумотлар, форс арузига оид қўлёзма манбалар ҳақидаги тизимлашти-рилган ахборотлардан Эрон Ислом республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Эрон маданияти марказида форс-ўзбек адабий алоқалари доирасида ташкил этилган илмий-маърифий тадбирларда, хусусан “Ўзбекистон ва Эрон адабий алоқалари: кеча, бугун ва эртага”, “Ўзбек-Эрон адабий алоқаларнинг имкониятлари ва вазифалари”, “Форс адабиёти – Ўзбекистонда” кабиларда фойдаланилган (Ўзбекистондаги Эрон Ислом Республикаси элчихонаси Маданият ишлари ваколатхонасининг  2018 йил 25 июлдаги 971301-сон маълумотномаси). Натижада Эрон ва Ўзбекистон мамлакатларининг икки томонлама маданий, илмий, маънавий-таълимий ва адабий муносабатларини чуқурлаштиришга эришилган;

ислом Уйғониш даврида поэтик тасаввурлар ва бадиий санъатлар ривожига хисса қўшган мовароуннаҳрлик олимларнинг аруз тизими ва аруз назариясига оид илмий-назарий қарашлари А-1-051 рақамли «Исломшунослик муаммоларини бирламчи манбалар ва аждодларимиз диний-маърифий меросини тизимли таҳлил қилиш асосида ёш авлодда соғлом эътиқодни шакллантириш» (2012–2014) мавзусидаги амалий тадқиқот лойиҳаси доирасида тизимли тадқиқ этилган ҳамда бирламчи манбалар асосида Мовароуннаҳрда ислом цивилизацияси тарихини ёритишда фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 7 ноябрдаги 2242-сон маълумотномаси). Натижада ёш авлодда арузшуносликка доир мовароуннаҳрлик ислом цивилизацияси намояндалари ҳаёти ва мероси ҳақида мутаносиб тафаккурни шакллантиришга, уларда аждодларимиз илмий ютуқларидан ғурур хис-туйғуларининг асосли ва турғун эмоционал категорияга айланишига эришилган;

ўрта асрлар араб, форс ва ўзбек аруз назариялари таркибидаги жузв (جزو), зиҳоф (زحاف), баҳр (بحر), тақтиъ (تقطیع), доира (دایره)каби унсурлар бўйича аруз атамалари ва тушунчалари, арузшунослик истилоҳлари луғати, арузга асосланган шеъриятнинг ислом маънавий-маърифий тафаккурида тутган ўрнига доир маълумотлардан А-1-041 рақамли “Ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш ва унинг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлашга йўналтирилган диншунослик атамалари қомусини яратиш” (2015–2017) амалий тадқиқотлар лойиҳасида арузшунослик атамалари мазмуни, атамалар семантик чегараларини аниқлаш, уларни қўллашнинг лингвопоэтик асослари, адабий анъаналар тизимида тутган мавқеини белгилашда фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 7 ноябрдаги 2242-сон маълумотномаси). Натижада поэтикага оид миллий анъаналар, унинг ўзига хос жиҳатлари, аждодларимизнинг шеършунослик бўйича илмий-назарий мероси борасида ёшларда соғлом тафаккурни шакллантириш учун илмий, тарбиявий ва дидактик-методологик таъминот ишлаб чиқилган, тегишли арузшунослик истилоҳлари атамалар қомусига киритилган;

поэтика тараққиёти, аруз тизими ва назариясининг келиб чиқиши ҳамда эволюцияси, аруз назариясининг бир қатор Шарқ халқлари адабиётларига таъсири, Мовароуннаҳр арузшуносларининг араб, форс ва ўзбек арузларини ривожлантириши, аруз бўйича ўрта асрларда форс тилида яратилган рисолалар ҳақидаги ахборотлар адабиёт назарияси, адабиёт тарихи йўналишидаги илмий тадқиқотлар мазмунини такомиллаштиришга, мумтоз адабиётда шеър тизимларининг тутган ўрнига оид адабий жараёнларни кўрсатиб беришда фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 7 ноябрдаги 2242-сон маълумотномаси). Натижада мумтоз шарқ филологияси ва ўзбек мумтоз филологияси йўналишларида арузга доир илмий тадқиқот ишларини жадаллаштириш, аруз қўлёзмаларига доир янги маълмотлар билан адабий-илмий жараённи бойитишга хизмат қилган;

ислом Уйғониш даврида поэтика юксак тараққий этганлиги, поэтик илмлар ривожида мовароуннаҳрлик олимларнинг мероси ва метрик анъаналари тадқиқи бўйича олинган натижалар,араб, форс ва ўзбек аруз назарияларига оид ўрта асрлар қўлёзма нусхалари ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон Давлат адабиёт музейининг Ф1-ФА-0-55746 рақамли «Марказий Осиё халқлари адабий қўлёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш. Ўзбекистон шоир ва ёзувчилари архивини тўплаш ва уларни илмий тавсифлаб нашрга тайёрлаш» мавзусидаги фундаментал илмий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган  (Ўзбекистон Давлат адабиёт музейининг 2018 йил 26 июль 125-сон далолатномаси). Натижада ўрта асрлардаги мовароуннаҳрлик олимларнинг аруз назариясига оид меросини муқобиллик асосида аниқ баҳолаш имкони яратилган, дунё қўлёзмалари фондларида сақланаётган арузга доир қўлёзма нусхалар борасидаги маълумотлар билан институт архив материаллари бойитилган.


Qaytish