Махмудов Махсуд Идрисовичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


Махмудов Махсуд Идрисовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ишлаб чиқаришдаги оқава сувларни тозалаш ва улардан фойдаланиш системаларида технологик муҳит параметрларини назорат қилувчи асбоблар ва усуллар», 05.03.01–Асбоблар. Ўлчаш ва назорат қилиш усуллари  (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/T38.

Илмий маслаҳатчи: Шипулин Юрий Геннадьевич, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро муҳандислик-технология институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc.27.06.2017.Т.03.02.

Расмий оппонентлар: Бегунов Александр Андреевич, техника фанлари доктори, профессор; Ахмедов Барат Махмудович, техника фанлари доктори, доцент; Сиддиқов Илхомжон Ҳакимович, техника фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: оқава сувларни тозалаш ва улардан фойдаланиш тизимларидаги технологик муҳитлар параметрларини назорат қилишнинг замонавий асбоблари ва усулларини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

асосий технологик миқдорий ва сифат параметрларини аниқлаш имконини берадиган аэротенкдаги оқава сувларни тозалаш жараёнининг математик модели ишлаб чиқилган;

ғовак ва толали ёруғлик ўтказгичли оптоэлектрон ўзгарткичлар хатолик манбаларининг юзага чиқиш табиати аниқланган ҳамда услубий, қўшимча ва динамик хатоликларни белгиловчи аналитик ифодалар ва бу хатоликларни камайтириш усуллари ишлаб чиқилган;

ўлчаш қурилмаларининг инерционлигини, ўлчаш воситаларининг динамик хатоликларини камайтириш ва ахборот-ўлчаш тизимларидаги ўлчаш маълумотларининг силлиқлантирувчи динамик фильтрлаш алгоритмлари ишлаб чиқилган;

замонавий кўп функционалли микропроцессорли қурилмалар асосида оқава сувларнинг сарфи, сатҳи, тезлиги, ҳарорати, концентрациясини аниқ назорат қилувчи ғовак ва толали ёруғлик оптоэлектрон ўзгарткичлари ишлаб чиқилган;

сувли муҳитларнинг кимёвий таркибини назорат қилувчи ва қайд этувчи, ўлчаш аниқлиги ±0,2 % бўлган кўп каналли тизим ишлаб чиқилган; 

ўлчаш хатолиги ±5 %дан кўп бўлмаган микропроцессорли кўп функцияли автоматик титратор ишлаб чиқилган;

рН ни ростлашни юқори сифати ва ростлаш тизими турғунлигини таъминловчи модель, пассив адаптация, катта кучайтиргичли контурли автоматик барқарорлаш тизими асосида оқава сувларни нейтраллаш самарадорлигини оширадиган назорат қилиш ва бошқариш алгоритмлари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ишлаб чиқариш оқава сувларини тозалаш ва улардан фойдаланиш системаларидаги технологик муҳитлар параметрларини назорат қилиш асбоблари ва усуллари бўйича олинган илмий натижалар асосида:

тозалаш иншоотларидаги сув сатҳини ўлчовчи ва назорат қилувчи кўп функцияли микропроцессорли қурилмасига Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (“Суюқлик сатҳини оптик-толали ўзгарткичи”, №IAP 04937–2014 й.). Натижада аэротенкдаги сув сатҳини бошқариш ўлчаш аниқлигини 3 %га ошириш ҳамда насосларнинг ишлаш режимларини оптималлаштириш имконини берган;

оқава сувларни тозалаш тизимлари очиқ каналлардаги сув сарфини назорат қилувчи  микропроцессорли оптоэлектрон қурилмасига Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (“Горизонтал ҳолатдаги шамол йўналиши ва тезлигини ўлчовчи қурилма”, №IAP 04754–2013 й.). Натижада оқава сувларни тозалаш тизимларининг очиқ каналларидаги сув сарфини автоматик қайд этиш ҳамда сарфини ўлчаш аниқлигини 5%га ошириш имконини берган;

сувдаги рН, Eh, туз миқдори ва ҳароратни ўлчовчи кўп функцияли ўлчаш асбоби, кўп каналли микропроцессорли иономер, суюқликларни титрлашнинг автоматик тизими, оқава сувлар сарфини микропроцессорли ўлчагич,  тозалаш иншоотларидаги сув сатҳини ўлчовчи ва назорат қилувчи кўп функцияли микропроцессорли қурилма Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимидаги корхоналар, хусусан Тошкент шаҳри «Сувсоз» ДУКнинг Салар аэрация станциясида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 2018 йил 18 майдаги 04/01-1727-сон маълумотномаси). Натижада тозалаш иншоотидаги сув таркиби, ҳарорати, сатҳи ва сарфи назоратини амалга ошириш орқали тозалаш сифатини 15%га ошириш имкони яратилган;

тозалаш иншоотларидаги сув сатҳини ўлчовчи ва назорат қилувчи кўп функцияли микропроцессорли қурилма Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимидаги корхоналар, хусусан Бухоро вилояти “Сувоқава” ДУКнинг оқава сувларни тозалаш иншоотида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 2018 йил 18 майдаги 04/01-1727-сон маълумотномаси). Натижада оқава сувларни тозалаш тизимини автоматлаштириш ҳамда тозаланган сувнинг миқдорий ва сифат кўрсаткичларини яхшилаш имкони яратилган.


Qaytish