Якубова Хуршида Муратовнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


Якубова Хуршида Муратовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Суғориладиган массивлар сув туз режими хусусиятларини ҳозирги ҳолатини баҳолаш (Сирдарё ўрта оқимининг чап қирғоғи мисолида)», 11.00.03–Қуруқлик гидрологияси. Сув ресурслари. Гидрокимё (география фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/G54.

Илмий раҳбар: Шерфединов Лензи Зекерьяевич, геология-минералогия фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ирригация ва сув муаммолари илмий-текшириш институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Гидрометеорология хизмати маркази Гидрометеорология илмий-текшириш институти, DSc.27.06.2017.G.47.01.

Расмий оппонентлар: Чембарисов Эльмир Исмаилович, география фанлари доктори, профессор; Мурадов Шухрат Одилович, техника фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: сув оқими антропоген омиллар таъсирида ўзгартирилган шароитда Сирдарё ўрта оқими чап қирғоғидаги суғориладиган массивларнинг сув-туз балансининг замонавий хусусиятларини миқдорий баҳолаш усулларини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Сирдарёда трансчегаравий омиллар таъсирида дарёнинг гидрологик режими ўзгарганлиги, бузилганлиги ва охирги йилларда ҳавзанинг Мирзачўл ҳудудида вегетация даврида сув таъминоти талабга қараганда 60-70 фоизга тушиб қолишининг сабаблари очиб берилган;

суғориладиган ерларда сув танқислиги таъсирида аэрация катлами ва сизот сувлари орасидаги сув-туз алмашиниш жараёнлари баҳоланган ва грунт сувлари сатҳини 2,5 метрдан пастда ушлаб туриш тартиботи яратилган;

дала тадқиқотлари асосида тупроқда намлик етарли бўлмаган ҳолатларда тупроқ эритмасининг концентрацияси ортиши ва шўрланишига бевосита таъсир этиши хусусиятлари аниқланган;

тупроқ эритмаси концентрациясини прогнозлаш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатни яхшилаш имконини берадиган математик модел ишлаб чиқилган;

суғориладиган майдонларда (1,5-2 минг м3 гача) сувни тежаш асосида сув таъминотини яхшилаш бўйича илмий асосланган техник-технологик тавсиялар ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Суғориладиган массивларнинг сув-туз балансини замонавий хусусиятларини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Сирдарёда сув оқими антропоген омиллар таъсирида ўзгаришининг замонавий хусусиятларини таҳлили асосида берилган таклифлар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 6 апрелдаги 02/08-206-сон маълумотномаси). Натижада экинларни кам суғориш оқибатида қишлоқ хўжалиги соҳасида кўрилиши мумкин бўлган зарарларнинг олдини олиш имконияти яратилган;

суғоришнинг такомиллаштирилган усули ва оптимал элементларини танлаш, вегетация даврида бир суғориш миқдоридаги сувни тежаш бўйича илмий тавсиялар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 6 апрелдаги 02/08-206-сон маълумотномаси). Натижада суғориладиган майдонларда сувни тежаб, сув таъминотини яхшилаш, улардан фойдаланишга қаратилган илмий асосланган техник-технологик чоралар ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган режаларни ишлаб чиқишга имкон берган; 

суғоришлар таъсирида Сирдарё ўрта оқимидаги сизот сувлар балансини ва режимини ҳисоблаш модели, ер ости сувлари заҳирасига бўладиган таъсирлари хақидаги хулосалар Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 2018 йил 4 майдаги 04/08спр.-сон маълумотномаси). Натижада сизот сувлари сатҳини оптимал чуқурликда (2,5 метрдан пастда) сақлаб туриш имконияти яратилган;

тупроқнинг аэрация қатламида намлик ва тупроқ эритмаси концентрациясини тартиблаш бўйича яратилган математик модел ва гидрогеологик-мелиоратив шароитларни яхшилашга, ирригация тизимларидан бўладиган сув йўқотишларни камайтиришга қаратилган натижалар Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 2018 йил 4 майдаги 04/08спр.-сон маълумотномаси). Натижада сизот сувлари минераллашувини 3,0 г/л дан пасайтириш ва гидрогеологик-мелиоратив шароитни яхшилаб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини барқарорлаштириш имконини берган.


Qaytish