Ниязметов Исламбек Машариповичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


Ниязметов Исламбек Машариповичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри: «Солиққа тортиш механизмларини такомиллаштириш орқали солиқ тизими барқарорлигини таъминлаш», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.DSc.Iqt.130

Илмий маслаҳатчи: Бекмуродов Адҳам Шарипович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассасалар номи: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017. I.15.01.

Расмий оппонентлар: Олимжонов Одил Олимович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Ташмурадова Бувсара Эгамовна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Альмарданов Мухамади Ибрагимович, иқтисодиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Солиқ академияси.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II.Тадқиқотнинг мақсади: солиққа тортиш механизмларини такомиллаштириш орқали солиқ тизими барқарорлигини таъминлашга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) механизмининг тўлақонли ишлашини таъминлаш учун ушбу солиқни барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ қилиш орқали унинг қамровини кенгайтириш ва ставкасини пасайтириш асосланган;

умумбелгиланган солиқ режимини соддалаштириш мақсадида фойда солиғи билан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи (ОИРС) объекти ҳамда базасини унификациялаш ва ягона фойда солиғига бирлаштириш таклифи ишлаб чиқилган;

йирик корхоналарда солиқлар сонини қисқартириш ва уларнинг солиқ юкини камайтириш мақсадида давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни унификациялаш, ставкасини пасайтириш ва босқичма-босқич бекор қилиш механизми асосланган;

мол-мулк солиғи объекти таркибида фақат кўчмас мулк объектларини қолдириб, уни ер солиғи билан бирлаштириш ҳамда юридик ва жисмоний шахслар учун бир хил тартибда амал қиладиган кўчмас мулк солиғига босқичма-босқич ўтиш механизми ишлаб чиқилган;

кўчмас мулк солиғи базасини аниқлашда юридик шахслар учун йиллик ўртача қолдиқ қиймат усули, жисмоний шахслар учун эскирган норматив баҳолаш усулидан воз кечиб, кўчмас мулкнинг қийматини бозор механизмлари асосида баҳолаш тизимига ўтиш зарурлиги асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

 Солиққа тортиш механизмларини такомиллаштириш орқали солиқ тизими барқарорлигини таъминлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

мақсадли жамғармаларга мажбурий ажратмаларни бирлаштириш, ставкасини пасайтириш ва кейинчалик бекор қилиш бўйича ишлаб чиқилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон Қарорида ўз аксини топган (Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 5 апрелдаги 16/1-7677-сон маълумотномаси). Натижада мажбурий ажратмалар умумий ставкаси 3,5 фоиздан 3,2 фоизга туширилиб, биргина 2018 йил январь-февраль ойлари якунига кўра тадбиркорлик субъектларининг ихтиёрида 27,8 млрд  сўм маблағ қолишига эришилган;

ҚҚС ставкасини пасайтириш ва тўловчилари қамровини кенгайтириш бўйича киритилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурига киритилган (Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 5 апрелдаги 16/1-7677-сон маълумотномаси). Таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида ҚҚС тўловчилари қамрови кенгайиб, солиқнинг механизми тикланади ва давлат бюджетига қўшимча маблағлар тушишига эришилган;

юридик шахслар фойда солиғи ва ОИРС объекти ҳамда базасини унификацияланган ҳолда уларни ягона фойда солиғига бирлаштириш юзасидан берилган таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-454-сон қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3454-сон қарорида ўз аксини топган (Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 16 апрелдаги 10/3-08519-сон маълумотномаси). Натижада фойда солиғи ва ОИРС ягона фойда солиғига бирлаштирилиб, умумбелгиланган солиқ режимида солиқлар сони қисқаришига, солиққа тортишнинг соддалашувига, корхоналар фойдасини солиққа тортиш билан боғлиқ ҳисоб ва солиқ маъмурчилигининг осонлашувига эришилган;

мол-мулк солиғи объекти сифатида фақат кўчмас мулкни қолдирган ҳолда уни ер солиғи билан бирлаштириб, босқичма-босқич кўчмас мулк солиғини жорий қилиш юзасидан берилган таклиф 2018 йилдан амалиётга қисман татбиқ этилиб, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-454-сонли қонунига киритилган (Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 16 апрелдаги 10/3-08519-сон маълумотномаси). Таклифнинг амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши маҳаллий бюджетлар молиявий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг мунтазам ва ишончли солиқ базасини шакллантириш ҳамда солиқ маъмурчилиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади;

кўчмас мулк солиғи базасини аниқлашда эскирган норматив баҳолаш тизимидан воз кечиб, кўчмас мулкнинг қийматини бозор механизмлари асосида баҳолаш тизимига ўтиш юзасидан киритилган таклиф 2018 йилдан амалиётга татбиқ этилиб, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-454-сонли Қонунида ўз аксини топган (Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 16 апрелдаги 10/3-08519-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 274-моддаси биринчи қисми қайта таҳрир қилинган ва жисмоний шахслар мол-мулк солиғи базаси мулкнинг бозор баҳосига яқинлаштирилган кадастр қиймати этиб белгиланган.


Qaytish