Қаршибоев Ҳасан Холбазаровичнинг диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни


Қаршибоев Ҳасан Холбазаровичнинг

диссертация ҳимоясисиз селекция ютуғи (ихтиро патенти) асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Лалмикор майдонлар учун қаттиқ буғдойнинг ташқи муҳит ноқулай омилларига чидамли бошланғич манба ва янги навларини яратиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Qx29.

Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси.

Илмий раҳбар: Ходжакулов Тўрақул Ходжакулович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган: «Ёқут-2014» қаттиқ буғдой нави (NАР 00164).

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 17 апрелдаги 02-11/908-сон хулосаси.

II. Тадқиқотнинг мақсади: лалмикор майдонлар учун қаттиқ буғдойнинг ташқи муҳит ноқулай омилларига, яъни совуққа, қурғоқчиликка, иссиқликка ва касалликларга чидамли дон сифати ва ҳосилдорлиги юқори бўлган бошланғич манба ва янги навларини яратишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор қаттиқ буғдойнинг келиб чиқиши турли экологик-географик минтақаларга мансуб бўлган хорижий янги нав намуналари ўрганилиб, қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган намуналар бошланғич манба сифатида танлаб олинган;

қаттиқ буғдой нав намуналарининг ташқи муҳит ноқулай омилларига, яъни совуққа, қурғоқчиликка, иссиқликка, касалликларга ва ётиб қолишга чидамлилиги ўрганилган ҳамда юқори кўрсаткичларга эга бўлган нав намуналардан селекция жараёнида фойдаланилган;

танлаб олинган қаттиқ буғдой намуналари билан маҳаллий навлар ўртасида дурагайлаш ишлари олиб борилиб, лалмикор майдонлар учун дон сифати ва ҳосилдорлиги юқори, ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига чидамли бўлган янги дурагай тизмалари ва бошланғич манбалари яратилган;

лалмикор майдонларда экиш учун ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига чидамли, дон сифати ва ҳосилдорлиги юқори бўлган қаттиқ буғдойнинг янги «Ёқут-2014» нави яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Лалмикор майдонлар учун қаттиқ буғдойнинг ташқи муҳит ноқулай омилларига чидамли бошланғич манба ва янги навларини яратиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:

дурагайлаш йўли билан лалмикор майдонларда экиш учун ташқи муҳит ноқулай омилларига яъни совуққа, қурғоқчиликка, иссиқликка, занг касалликларига чидамли, дон сифати ва ҳосилдорлиги юқори бўлган қаттиқ буғдойнинг «Ёқут-2014» нави учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан селекция ютуғига патентолинган (NАР 00164). Натижада ушбу қаттиқ буғдой нави экин майдонлари республиканинг асосий лалмикор ерларини қамраб олишга эришилган;

қаттиқ буғдойнинг «Ёқут-2014» нави 2018 йилдан бошлаб истиқболли нав сифатида Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари лалмикор ерларда кузги муддатларида экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган (Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш Давлат комиссиясининг 2018 йил 4 майдаги 53/4-271-сон маълумотномаси). Натижада ушбу навни етиштириш орқали лалмикор ғаллачилик фермер хўжаликларида сарф-харажатлар сезиларли даражада камайган ва дон ҳосилдорлиги ошган, иқтисодий самарадорлик гектаридан 230-240 минг сўмни, рентабеллик даражаси 18-19 фоизни ташкил этган;

2018 йил ғалла ҳосили учун янги қаттиқ буғдойнинг «Ёқут-2014» нави Жиззах вилоятининг, Ғаллаорол туманидаги фермер хўжаликларида жами 190,0 гектар лалмикор майдонларга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 02/021-6-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида қаттиқ буғдойнинг янги «Ёқут-2014» нави экилиши лалмикор ерларда бошқа қаттиқ буғдой навларига нисбатан гектаридан 3,8-4,3 центнер қўшимча дон ҳосили олишга эришилган.


Qaytish