Ботиров Муроджон Турғунбоевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


Ботиров Муроджон Турғунбоевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Биологик суюқликларнинг кристалланиш жараёнида структуравий ўз-ўзини ташкил қилиши ва уларнинг организм касалликлари ҳақида ахборот бериши», 03.00.02–Биофизика ва радиобиология (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tib4.

Илмий раҳбар: Карабаев Мухаммаджон, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.30.03.

Расмий оппонентлар: Кулманова Муножат Усмановна, тиббиёт фанлари доктори; Ахмеджанов Искандар Гулямович, биология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.                   

II. Тадқиқотнинг мақсади: клиник-биокимёвий ва морфологик кўрсаткичларга боғлиқ ҳолда таҳлил қилиш асосида патологик жараёнлар маркерларини жорий қилиш тизимини такомиллаштиришдан иборат.

III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

текширилган шахсларнинг паспорт, клиник ва биокимёвий кўрсаткичларини ўз ичига олган тўлиқ шаклланган маълумотлар базаси, жигар касалликларида қондаги билирубин миқдорининг ошганлигини кўрсатувчи «Мох» фигураси исботланган;

биологик суюқликлар фацияларининг рақамли электрон маълумотлар базаси, биологик суюқликлар кристалларининг тизимли ва тизим ости морфотекстур кўрсаткичлари шакллантирилган;

турли касалликларда биологик суюқликлари фацияларидаги патологик маркерлар тизимлаштирилиб, уларнинг каталоги, фацияларда патологик маркерларни фарқлаш мезонлари ва маркернинг тури ва тузилишини кўрсатувчи, патологик жараён, жойлашган жойи, кимёвий таркиби, муаллифи ва манбаини ўзида акс эттирган жадвал ишлаб чиқилган;

биологик суюқликлар фацияларини автоматик равишда таҳлил қилиш учун фациялар сифат ва миқдорий кўрсаткичларининг автоматлаштирилган компьютер морфометрия технологияси, биологик суюқликлар фациясини текстурали таҳлил қилиш учун фигураларнинг тасвири, ёрқинлиги, текислигини ўзгартириш хусусиятига эга бўлган компьютер дастури ишлаб чиқилган;

сурункали жигар касалликларини эрта аниқлашнинг янги усулларини ишлаб чиқишга имкон берувчи «касаллик кристаллографик белгилар»нинг боғлиқлигини ифодаловчи экспериментал ҳамда назарий база ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Биологик суюқликларнинг кристалланиш жараёнида тузилмавий ўз-ўзидан ҳосил бўлиши ва уларнинг организм касалликлари ҳақида ахборот беришлиги бўйича олинган илмий натижалар асосида:

«Биологик суюқликлар қаттиқ фазаси текстуралари белгиларининг визуал морфометрияси» бўйича услубий  қўлланмаси тасдиқланган ва соғлиқни сақлаш амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 22 ноябрдаги 8н-р/174-сон маълумотномаси). Ушбу услубий қўлланма даволаш профилактика муассасалари врач-лаборантлари ҳамда илмий изланувчилар учун биологик суюқликларнинг кристаллографик намуналарини таҳлил қилиш, Чайлд Пью бўйича халқаро тан олинган Фибро-тестни аниқлаш формуласи асосида ишлаб чиқилган компьютер дастури бўйича жигар фибрози даражасини аниқлашга имкон яратган.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан «Тиббий расмларни анализ қилиш – Analyses of medical images» (DGU №02808) учун патент олинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 22 ноябрдаги 8н-д/57-сон маълумотномаси). Ушбу дастур ёрдамида биологик суюқликларнинг кристаллографик тасвирлари осон ва тез автоматик усулда таҳлил қилиш имконини берган.

биологик суюқликларнинг кристалланиш жараёнида тузилмавий ўз-ўзидан ҳосил бўлиши ва уларнинг организм касалликлари ҳақида ахборот бериши бўйича олинган натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан Фарғона вилоят ва Марғилон шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси, шунингдек, “Фарғона Примус” МЧЖ инновацион тиббиёт ташхис маркази амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 19 февралдаги 8н-з/17-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларининг жорий этилиши жигар касалликларини башорат қилиш ва даволаш тактикасини тўғри ташкил қилишга имкон яратган.


Qaytish