Холлиев Асамиддин Тураевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


Холлиев Асамиддин Тураевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Дуккакли дон экинлари (нўхат, мош, ловия) зараркунандаларига қарши кураш усулларини ишлаб чиқиш», 06.01.09–Ўсимликларни ҳимоя қилиш (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Qх59.

Илмий раҳбар: Гаппаров Фурқат Ахатович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети ва Андижон қишлоқ хўжалик институти, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.

Расмий оппонентлар: Кимсанбоев Хужамурод Хамроқулович, биология фанлари доктори, профессор; Бойжигитов Фозил Мухаммадиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: дуккакли дон экинлари зараркунандаларининг тур таркиби, биологик хусусиятлари, тарқалиши ва зарарини аниқлаш асосида уларга қарши илмий асосланган самарали кураш чораларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор республикамиз шароитида сўнгги 50 йил ичида дуккакли дон экинларининг зараркунандалари турлари қайта таҳлил қилиниб, зараркунандаларнинг 34 та тури аниқланган ҳамда асосий, иккиламчи ва зарарсиз турларга ажратилган;

асосий зараркунандаларнинг яъни ғовак ҳосил қилувчи нўхат пашшаси – (Liriomysa cicerina Rond.), донхўрлар (Bruchidae) тугунак узунбурунлар (Curculionidae) биологик хусусиятлари ҳамда нўхат ўсимлигида ғўза тунламининг зарар етказиш даражаси аниқланган;

дуккакли дон экинлари биоценозида табиий энтомофагларнинг турлари ва уларнинг зараркунандалар сонини камайтиришдаги аҳамияти аниқланган;

доминант тур зараркунандаларга қарши биологик ва кимёвий кураш усуллари ишлаб чиқилган;

зараркунандаларга қарши инсектицидларни қўллашнинг янги технологияси ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Дуккакли дон экинлари зараркунандаларига қарши кураш усуллари бўйича ўтказилган тадқиқотларнинг натижалари асосида:

дуккакли дон экинларида ширалар, туганак узунбурунлар, илдиз кемирувчи тунламларига қарши уруғдорлагич: Аваланче (5 кг/т), Круизер (4 л/т) препаратларини қўллаш Тошкент вилояти, Қибрай тумани Ўсимликшунослик ИТИ ҳамда Ўртачирчиқ тумани Тошкент шоли, дон ва дуккакли экинлар илмий тажриба станцияси хўжаликларида, Қашқадарё валояти, Қамаши тумани «Бахтишод», Яккабоғ тумани «Бойжигит бобо» фермер хўжаликлари экин майдонларида жорий этилган («Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятининг 2017 йил 17 ноябрдаги 02/13-2030-сон маълумотномаси). Бунда дуккакли дон экинлари ҳосилдорлиги 25–30 фоизга ошган ва иқтисодий самарадорлик гектаридан 1822000–2157000 сўмни ташкил этган;

дуккакли дон экинларининг асосий зараркунандаларига қарши ўсув даврида ўргимчакканага қарши «Вертимек», «Ниссоран», «Химголд», «Нурелл-д», донхўрларга қарши «Б-58», «Караче», «Атилла», препаратлари, ғўза тунламига қарши «Акито», «Аваунт», «Моспилан» препаратлари, ғовак ҳосил қилувчи нўхат пашшасига қарши «Энтолучо», «Нуринол» ва «Поло» препаратларини қўллаш Қибрай тумани Ўсимликшунослик ИТИ ҳамда Ўртачирчиқ тумани Тошкент шоли, дон ва дуккакли экинлар илмий тажриба станцияси хўжаликларида, Қашқадарё валоятини Қамаши тумани «Бахтишод», Яккабоғ тумани «Бойжигит бобо» фермер хўжаликлари шароитида жами 680 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 25 ноябрдаги 07/23-1094-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида нўхат, мош, ловия экинларидан гектаридан 3,5–4,5 центнергача дон ҳосилини сақлаб қолишга эришилган.

 


Qaytish