OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Алимов Шамсиддин Пахритдиновичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
13 noy 2017

Алимов Шамсиддин Пахритдиновичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Алимов Шамсиддин Пахритдиновичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Балпантоғ ва Янги-Давон конларида маъдан табиий турларининг шаклланиш хусусиятлари ва жойлашиш қонуниятлари», 04.00.02–Қаттиқ фойдали қазилма конларининг геологияси, уларни қидириш ва разведка қилиш. Металлогения ва геокимё (геология-минералогия фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/GM4.

Илмий раҳбар: Цой Владимир Деньевич, геология-минералогия фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: «Минерал ресурслар институти» ДК.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.FM/T.03.04 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.

Расмий оппонентлар: Конеев Рустам Исмаилович, геология-минералогия фанлари доктори; Ахунджанов Рахмаджан, геология-минералогия фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: «Ялпи геологик тасвирлаш-излаш экспедицияси» ДК.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Балпантоғ ва Янги-Давон олтин маъданли конлардаги маъданларнинг табиий турларини (МТТ), уларни минералогик-геокимёвий тавсифлари, жойлашиш қонуниятларини, шаклланиш шароитларини ва маъданларнинг технологик турларини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Балпантоғ ва Янги-Давон конларида ажратилган МТТ маълум бир кимёвий ва минерал таркиблар, элемент-аралашмаларга эгалиги ва бу Ғарбий Ўзбекистоннинг бошқа конлари учун ҳам типоморф эканлиги аниқланган;

олтин маъданлашувининг жойлашиш хусусиятлари, асосан, маъдан қамровчи жинсларнинг шаклланиш шароитлари, литологик таркиби, деформация хусусиятлари ва улар билан боғлиқ тектоник бузилишлар билан узвий боғлиқлиги исботланган;

илк бор олтин маъданлашуви шаклланишининг геологик-структуравий шароитлари, гидротермал, метасоматик ва гиперген жараёнларнинг намоён бўлиш хусусиятларига асосан олтин маъданли конлар учун МТТ шаклланиш схемаси ишлаб чиқилган;

маъданлар ва маъдан олди жинсларнинг жойлашиш хусусиятлари, улардаги метасоматик ўзгаришларни намоён бўлиш жадаллигини баҳолашга асосланган геологик-минералогик ва технологик хариталаш услубияти ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Балпантоғ ва Янги-Давон конларида олтин маъдан табиий турларининг шаклланиш хусусиятлари ва жойлашиш қонуниятларини ўрганиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Балпантоғ олтин конида маъданларнинг моддий таркиби, минералогик ва геокимёвий хусусиятлари, уларда олтиннинг учраш шакллари юзасидан олинган тадқиқот натижалари «Қизилқум геология қидирув экспедицияси» давлат унитар корхонасии томонидан Балпантоғ олтин конида қидирув-баҳолаш ишлари жараёнида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 2017 йил 11 сентябрдаги 04/03спр-сон маълумотномаси). Натижада Балпантоғ конида олтин маъданлашувнинг сифат кўрсаткичлари аниқланган, олтиннинг захирасини ҳисоблаш имконини берган.

Янги-Давон олтин конида маъданларнинг моддий таркиби, минералогик ва геокимёвий хусусиятлари, уларда олтиннинг учраш шакллари юзасидан олинган тадқиқот натижалари «Зарафшон геология қидирув экспедицияси» давлат унитар корхонаси томонидан Янги-Давон олтин конида қидирув-баҳолаш ишлари жараёнида жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 2017 йил 11 сентябрдаги 04/03спр-сон маълумотномаси). Натижада Янги-Давон конида олтин маъданлашувнинг сифат кўрсаткичлари аниқланган, олтиннинг захирасини ҳисоблаш имконини берган.

Балпантоғ ва Янги-Давон олтин конларидаги маъдан табиий турларининг шаклланиш хусусиятлари ва олтин маъданлашунинг жойлашиш қонуниятларини аниқлаш бўйича тадқиқот натижалари «Геология қидирув ишлари бўйича Давлат дастури» доирасидаги «Ғарбий Ўзбекистоннинг қадимий қатламларини маъданлилигини ўрганиш» (2008-2012йй.) лойиҳа бажарилишида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 2017 йил 11 сентябрдаги 04/03спр-сон маълумотномаси). Натижада Ғарбий Ўзбекистон конлари учун хос бўлган Марказий Қизилқум қадимий қатламларидаги олтин маъданлашувининг типик геолого-структуравий вазиятларини аниқлашга имкон берган.