OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Анарбаев Абдулхамиджоннинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
14 sen 2017

Анарбаев Абдулхамиджоннинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Анарбаев Абдулхамиджоннинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фарғонанниг антик ва ўрта асрлар даври шаҳар маданияти», 07.00.06–Археология (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.Dsc/Tar1.

Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: ЎзР ФА Археологик тадқиқотлар институти, DSc.27.06.2017.Tar.45.01.

Расмий оппонентлар: Асқаров Аҳмадали, тарих фанлари доктори, профессор, академик; Сулаймонов Рустам Ҳамидович, тарих фанлари доктори; Ўктам Мавлонов, тарих фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғонанинг қадимги ва ўрта асрлар шаҳар маданиятининг ривожланиш жараёнларини очиб бериш ҳамда мазкур ҳудуд шаҳарларининг бир ярим минг йиллик узлуксиз тарихини тиклашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Сирдарёнинг ўнг соҳили бўйлаб суғорма деҳқончиликнинг юзага келиши ва ривожланиш босқичлари янги археологик артефактлар асосида исботланган;

илк маротаба қадимги ва ўрта аср шаҳарсозлиги, шаҳарларнинг мудофаа тизими, тарихий топографияси, пойтахт шаҳарларнинг жойлашуви, уларнинг Буюк ипак йўлидаги ўрни ва Хитой ёзма манбаларида «Юан» деб тилга олинган Фарғонанинг қадимги пойтахти – Фарғона (Фарғона–Паркана–Парғона) шаҳри Эски Ахси (Ахсикат) шаҳар харобаси ўрнида бўлганлиги аниқланган;

Фарғона конфедератив давлати («Дайюан») таркибига кирган Эрши ҳукмдорлиги ва айни шу ном билан юритилган шаҳар ҳамда Ючен шаҳри локализацияси илмий асосланган;

Фарғонанинг милоддан олдинги I милодий эранинг I асрлардаги сиёсий тарихига бир қатор аниқликлар киритилган, Фарғонанинг янги ҳукмдорлари Муғтепа (Косон) шаҳар харобасида ўзларига Хитой манбаларида «Гуйшуан» деб аталган махсус қароргоҳ қурганлиги, Фарғона шаҳри эса иқтисодий марказ бўлиб қолганлиги асосланган;

Фарғона–Парғона («Юан») шаҳри тарих саҳифасидан ўчиб кетмай, VIII–IX асрнинг биринчи ярмида араб тарихчи ва георгафларининг китобларида яна тилга олинганлиги ва шу асосда унинг жойлашувига илмий изоҳ берилган;

IX асрнинг иккинчи ярмидан Фарғона шаҳри араб манбаларида Ахсикат сифатида тилга олинишига қарамай, маҳаллий халқ орасида то XI асрнинг ўрталаригача Фарғона деб юритилганлиги нумизматик материаллар асосида исботланган;

IX–XII асрларда пойтахт шаҳар Ахсикатнинг майдони 400 гектардан ошиб, ўз даврининг «мегаполисига» айланганлиги ва бу ерда «Дамашқ қиличлари» номи билан дунёга машҳур қуроллар ясалганлиги исботланган;

шаҳар топографиясида ҳунармандлар маҳаллалари ва ижтимоий иншоотларнинг жойлашуви ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётда  тутган ўрни аниқланган;

илк маротаба милоддан олдинги III милодий эранинг  XIII аср биринчи чорагигача бўлган даврга мансуб моддий маданият буюмларининг умумий типологик мажмуалари, хронологияси тузилди ва уларнинг бошланғич, илк даврлардан то ривожланган ўрта асрларгача бўлган давр ичидаги эволюцияси берилган;

Фарғона водийси археологиясида биринчи бўлиб Фарғона-Ахсикат шаҳри сопол идишлари  антик даврда ҳар 70-90 йилда, XI асрнинг  иккинчи ярми – XIII асрни бошларида эса ҳар 50-60 йилда ўзгарганлиги илмий исботланди.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Фарғонанинг қадимги ва ўрта асрлар даври шаҳар маданиятини ўрганиш бўйича қўлга киритилган илмий натижалар асосида:

«Ўзбекистон археологик ёдгорликлари мажмуаси»нинг Наманган ва Фарғона вилоятлари бўйича жилдларини тузишда фойдаланилган. Хусусан, археологик ёдгорликларнинг жойлашуви ва сақланиши энг замонавий технологиялар ёрдамида хариталарга туширилди ҳамда уларни давлат ҳимоясига олиш тавсия қилинди (ЎзР Фанлар академиясининг 2017 йил 14 сентябрдаги 3/1255-1840-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқотлар туфайли қадимги Фарғона  шаҳарлари ва шаҳар типидаги қароргоҳлари хронологияси яратилди ҳамда уларнинг жойлашувига аниқлик киритилди;

тадқиқот натижалари Марғилонсой воҳасида шаҳар маданиятининг шаклланиш ва ривожланиш босқичларини аниқлашга имкон берди. Жумладан, милоддан аввалги I асрнинг охирларида ҳозирги Марғилон шаҳарининг Машъад маҳалласида 20 гектардан зиёд майдонда қадимги Марғилон шаҳри қурилганлиги илмий асосланди. Шу асосда ЮНЕСКО Бош конференциясининг  33-сессияси қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 9 ноябрдаги «Марғилон шаҳрининг 2000 йиллигини нишонлаш тўғрисида» Қарори қабул қилинди (ЎзР Фанлар академиясининг 2017 йил 14 сентябрдаги 3/1255-1840-сон маълумотномаси). Натижада,  Марғилоннинг 2000 йиллик юбилей тантаналарини ЮНЕСКО раҳнамолигида ўтказилди;

археологик тадқиқотлар Қўқонсой воҳасида илк суғорма деҳқончилик ва шаҳар маданиятининг шаклланиш ҳамда ривожланиш босқичларини аниқлашга асос бўлди. Хусусан, ҳозирги Қўқон шаҳри ва унинг атрофида милоддан аввалги II–I асрларда урбанизациялашган қароргоҳлар пайдо бўлади (ЎзР Фанлар академиясининг 2017 йил сентябрдаги 3/1255-1840-сон маълумотномаси). Ушбу илмий натижалар  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 15 декабрдаги «Қўқон шаҳрининг архитектура кўриниши ва шаҳар инфратузилмасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори иловасининг 41-бандида Қўқон шаҳри ёшини аниқлаш бўйича Археология институти олдига қўйилган вазифани тўлиқ бажарилиши учун асос бўлган;

илмий натижалар Ўзбекистон ва Япония телестудияларининг телекўрсатув ва фильмлари яратилишида қўлланилган: Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг «Madaniyat va ma’rifat» телеканали томонидан «Дамашқ қиличлари», «Ахсикет» («Madaniyat va ma’rifat» телеканалининг 2017 йил 11 июлдаги 02-02/573-сон ва «O‘zbekkino» миллий агентлигининг 2017 йил 15 августдаги 01-21/172-сон маълумотномалари), шунингдек, «Ўзкинохроника» томонидан «Марғилон», «Қўқон» деб номланган қисқа метражли фильмлар суръатга олинган. Дала тадқиқотлар натижасида қўлга киритилган кўплаб археологик артефактлар Ўзбекистон тарихи давлат музейи коллекцияларини бойитишга хизмат қилган.