OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Алимов Боту Бабировичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
13 sen 2017

Алимов Боту Бабировичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Алимов Боту Бабировичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикасининг давлат ҳокимияти тизимида Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг муносабатлари», 12.00.02–Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Yu1.

Илмий раҳбар: Хусанов Озод Тиллабаевич, юридик фанлар доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.

Расмий оппонентлар: Кутыбаева Елизавета Дуйсенбаевна, юридик фанлар доктори, профессор; Раҳимов Абдуманноб Қўзиевич, юридик фанлар номзоди.

Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизимида Президент ва Вазирлар Маҳкамаси муносабатларини такомиллаштириш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Бош вазир лавозимига номзод томонидан парламентда унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда тақдим этиладиган Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида эшитилиши мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги таклиф асосланган;

Вазирлар Маҳкамасининг янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишининг тартиби ва муддатини қонунчиликда белгилаш лозимлиги тўғрисидаги таклиф асослаб берилган;

Вазирлар Маҳкамасининг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши тўғрисида Олий Мажлис палаталари ўзларининг мажлисларида тегишли қарорларни қабул қилишлари мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги таклиф асосланган;

Бош вазир номзоди тўғрисидаги таклиф парламент сайловида энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан сайлов якунлари матбуотда эълон қилинганидан сўнг аниқ муддат оралиғида Президентга тақдим этилиши кераклиги юзасидан таклиф асослаб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизимида Президент ва Вазирлар Маҳкамаси муносабатлари тадқиқоти бўйича олинган илмий натижалар асосида:

Бош вазир номзоди томонидан тақдим этиладиган Вазирлар Маҳкамаси ҳаракат дастурининг «Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида» эшитилиши лозимлиги тўғрисидаги таклиф «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 25 майдаги 06-20/264-сон ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 2 июндаги 06/1-05/692-сон маълумотномалари). Ушбу таклиф Бош вазирни тасдиқлаш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик нормалари ўзаро мувофиқлигининг таъминланиши ва Ҳукуматни шакллантириш жараёнининг такомиллашишига хизмат қилди;

Вазирлар Маҳкамасининг янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш институтининг батафсил тартиб-таомилларини қонунчиликда белгилаш лозимлиги тўғрисидаги таклиф «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси ўн учинчи ва ўн тўртинчи қисмларида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 25 майдаги 06-20/264-сон ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 2 июндаги 06/1-05/692-сон маълумотномалари). Мазкур таклиф Ҳукуматнинг олий вакиллик органи олдидаги жавобгарлиги ҳуқуқий механизмларининг мукаммаллашишига хизмат қилди;

Парламент сайловида ғолиб чиққан сиёсий партия томонидан Бош вазир номзоди «Қонунчилик палатасига сайловлар якунлари тўғрисидаги ахбороти ва сайланган депутатлар рўйхати матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан икки ҳафталик муддатдан кечиктирмай» тақдим этилиши лозимлиги тўғрисидаги таклиф «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 4-моддаси учинчи қисмида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 25 майдаги 06-20/264-сон ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 2 июндаги 06/1-05/692-сон маълумотномалари). Ушбу таклиф Бош вазирни тасдиқлаш жараёнида сиёсий партияларнинг иштироки билан боғлиқ жараёнларнинг батафсил тартиби ва муддатларининг мустаҳкамланишига хизмат қилди.