OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Муродов Музаффар Муродовичнинг докторлик диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
15 noy 2016

Муродов Музаффар Муродовичнинг докторлик диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Муродов Музаффар Муродовичнинг

докторлик диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Целлюлоза сақловчи хомашёлар асосида композицион полимер материаллар олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.14–Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).

Талабгорнинг илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқати бўйича тест синовидан ўтгани ҳақида маълумот: /техника фанлари номзоди/.

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: 31.03.2016/В2016.1.Т105.

Илмий маслаҳатчи: Раҳмонбердиев Ғаффор Раҳмонбердиевич, кимё фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, 14.07.2016.Т.08.01.

Расмий оппонентлар: Магрупов Фарход Асадуллаевич, техника фанлари доктори, профессор; Сайфутдинов Рамзиддин Сайфутдинович, техника фанлари доктори, профессор; Миркомилов Шавкат Миромилович, техника фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: таркибида целлюлоза сақловчи хомашёлар асосида кимёвий қайта ишлашга яроқли бўлган композицион полимер материаллар олиш технологиясини яратишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

терак дарахтидан кимёвий қайта ишлашга яроқли бўлган целлюлоза ва унинг асосида нитроцеллюлоза (коллоксилин) яратилган;

топинамбур ўсимлигининг поя қисмидан реакцион фаол бўлган целлюлоза олиш имкониятлари кўрсатилиб, унинг асосида карбоксиметилцеллюлоза ҳамда ацетатцеллюлоза олинган;

тўқимачилик корхоналарининг толали чиқиндилари асосида кимёвий қайта ишлашга яроқли бўлган целлюлоза ишлаб чиқилган;

терак дарахти, топинамбур ўсимлиги пояси ҳамда тўқимачилик корхоналарининг толали чиқиндиларидан олинган целлюлозалари асосида техник карбоксиметилцеллюлозанинг ҳар хил соҳалар учун ишлатиладиган бир нечта маркалари яратилган;

топинамбур ўсимлиги целлюлозаси асосида фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун юқори тозаликка эга бўлган КМЦ олиш технологияси яратилган;

саноат миқёсида Na-КМЦнинг бир нечта маркаларини «Моноаппарат» усулида ишлаб чиқариш технологияси яратилган;

топинамбур ўсимлигининг пояси асосида олинган целлюлозалардан сифатли ёзув қоғозлари олиш технологияси яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Маҳаллий хомашёлар асосида композицион полимер материаллар олиш ва ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

олинган целлюлозадан карбоксиметилцеллюлоза (Na-КМЦ) олишнинг «Моноаппарат» усулида олиш технологиясига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган
(IAP 04359, 2011). Мазкур ихтирога патент бир нечта босқичларни ўзида жамлаган ягона жиҳоз орқали барча сифат кўрсаткичи юқори бўлган Na-КМЦ олиш имконини беради;

маҳаллий хомашёлардан юқори молекуляр массага эга бўлган Na-КМЦ олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (IAP 04989, 2014). Мазкур ихтирога патент алмашиниш даражаси асосий модда миқдори, полимерланиш даражасининг юқорилиги ва препаратнинг ишлатилиш соҳасини кенгайтириш имконини беради;

терак ёғочи целлюлозаси ҳамда пахта линти асосида термик деструкцияга чидамли бўлган Na-КМЦ олиш технологиясига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган
(IAP 04359, 2009). Мазкур ихтирога патент бурғилаш эритмаларини стабилловчи стабилизатор сифатида ишлатилиши турли деструктив омилларни бартараф этиш имконини беради;

топинамбур поясидан олинган целлюлоза асосида «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналарида карбоксиметилцеллюлоза, қоғоз ва қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш жорий этилган («Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2016 йил 10 ноябрдаги 01/3-24/D-сон маълумотномаси). Целлюлоза асосида карбоксиметилцеллюлозани ишлаб чиқариш самарадорлиги мавжуд технологияга нисбатан 18–22% га ортишига имкон беради.