OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Бозоров Отабек Одиловичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
16 may 2019

Бозоров Отабек Одиловичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Бозоров Отабек Одиловичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “ХХ асрнинг 80-йилларида Ўзбекистондаги миллатлараро муносабатлар тарихи (Фарғона фожиаси мисолида)”, 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: B2018.4.PhD/Tar223.

Илмий раҳбар: Юнусова Хуршида Эркиновна, тарих фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Қўқон давлат педагогика институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Таr.01.04.

Расмий оппонентлар: Хасанов Бахтиёр Вахапович, тарих фанлари доктори, профессор; Расулов Абдулла Нуритдинович, тарих фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ХХ аср 80-йилларида Ўзбекистондаги миллатлараро муносабатлар тарихини Фарғона фожиаси мисолида ўрганиш ва унинг келтириб чиқарган оқибатларини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Фарғона водийсидаги қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқариш суръатларининг кескин пасайиб бориши, демографик ўзига хослик, аҳолининг ишга бўлган қобилияти ва эҳтиёжларининг эътиборга олинмаганлиги сабабли ижтимоий соҳанинг барча йўналишлари бўйича Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ ўрта даражасидан паст кўрсаткичларга тушиб қолганлиги аниқланган;

ижтимоий-сиёсий таназзул, иқтисодий турғунлик, мафкуравий инқироз, миллий можароларни кескинлаштиришдан манфаатдор бўлганлар ҳаракати натижасида Фарғона водийсида юз берган миллатлараро можароларни ҳал қилишда партия, совет ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг самарасизлиги аниқланган;

Фарғона воқеаларида маҳаллий аҳолининг миллий можароларни кескинлаштириш эмас, балки ижтимоий-иқтисодий муаммоларга норозилик ифодаси сифатида иштирок этганлиги, тўполонлар вақтида ўзбек оилалари қардош халқ бўлган месхети турклари ҳаётини сақлаб қолиб, уларнинг хавфсизлиги таъминланганлиги исботланган; 

мустақилликнинг дастлабки йилларида Фарғона водийсидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни соғломлаштириш юзасидан олиб борилган ислоҳотларнинг тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилганлиги, истиқболли дастурлар, янги миллий сиёсат ҳуқуқий асосларининг республикадаги турли миллат ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилишга асосланганлиги тарихий жиҳатдан тизимли равишда очиб берилган.

IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

ХХ аср 80-йилларида Ўзбекистондаги миллатлараро муносабатлар тарихини тадқиқ этиш бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:

Фарғона водийсидаги миллатлараро муносабатларнинг асосий муаммолари, этносиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг ўзаро муносабатлари, миллатлараро муносабатларни барқарорлаштиришга оид хулосалардан Тарих институтида бажарилган И1-ФА-0-Ф8-58798 рақамли “Этнополитические процессы и межэтнические отношения в Республике Узбекистан (конец ХХ начало ХХI вв.)” инновацион лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 6 сентябрдаги 89.03.3147-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши мустақиллик арафасида Ўзбекистон Республикасининг ички сиёсати ва миллатлараро алоқаларининг йўлга қўйилиши, этник низолар, этносиёсий жараёнлар ва миллатлараро муносабатлар тизимида миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенглик каби масалаларни тарихий фактлар асосида очиб беришга хизмат қилган;

Ўзбекистон мустақиллиги арафасида Фарғона водийсидаги оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволнинг сабаб ва оқибатлари, миллатлараро муносабатлардаги жараёнлар таҳлили, ижтимоий-иқтисодий аҳволни соғломлаштириш юзасидан олиб борилган ислоҳотлар, янги миллий сиёсатнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва стратегик йўналишларининг моҳиятини акс эттирувчи маълумотлардан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш соҳасидаги тарғиботларини амалга оширишда фойдаланилган (Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 2018 йил 19 июлдаги 0413/3718-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши ёшларни миллатлараро бағрикенглик руҳида тарбиялаш соҳасидаги тарғиботларни амалга оширишда, телекўрсатувларни тайёрлашга, миллатлараро муносабатларнинг устувор йўналишлари тўлақонли англаш учун хизмат қилган.