OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Нурматов Мирғолиб Мирзаевичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
12 apr 2019

Нурматов Мирғолиб Мирзаевичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Нурматов Мирғолиб Мирзаевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон экологик сиёсатининг иқтисодий-ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш», 12.00.06–Табиий ресурслар ҳуқуқи; аграр ҳуқуқ; экологик ҳуқуқ (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.DSc/Yu97.

Илмий маслаҳатчи: Файзиев Шухрат Хасанович, юридик фанлар доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Ҳарбий-техник институти, DSc.30.08.2018.Yu.74.01.

Расмий оппонентлар: Холмўминов Жума Тоштемирович, юридик фанлар доктори, профессор; Сафаров Джахонгир Исмоилович, юридик фанлар доктори, доцент; Рустамбеков Исламбек Рустамбекович, юридик фанлар доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитасининг Божхона институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон экологик сиёсатининг иқтисодий-ҳуқуқий механизмини таъминлаш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни комплекс таҳлил қилиш асосида экология соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини таъминлаш бўйича илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

муаллифлик ёндашуви асосида «атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмини ҳуқуқий таъминлаш» тушунчаси «атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш» йўналишлари орқали экологик чора-тадбирларни режалаштириш, молиялаштириш, экологик тўловлар, экологик суғурта ва жамғармалар, иқтисодий рағбатлантириш ва жазо чораларини қўллаш билан боғлиқ комплекс тизим сифатида бойитилган;

табиатдан умумий ва махсус фойдаланиш тури, объекти, субъекти, усули, шакли, уларга бўлган ҳуқуқлар каби турли мезонлардан келиб чиқиб (табиат объектларига кўра; табиат объектларининг ўзига хос хусусиятларига кўра; табиатдан фойдаланиш субъектларига кўра; табиатдан фодаланувчилар сонига кўра; табиатдан фойдаланиш муддатига кўра; табиатдан фойдаланиш ҳуқуқларига кўра; табиат фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш шаклига кўра; табиатдан фойдаланиш мақсадига кўра; табиат объектини табиий муҳитдан ажратиб олиниши ёки олинмаслигига кўра; табиатга таъсир этиш ҳолатига кўра; табиат объектларининг турли кўрсаткичларига таъсир этиб фойдаланилишига кўра) таснифлаш таклиф этилган;

ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланаётган ва (ёки) етиштирилган ёввойи ҳайвонлар юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлиши мумкинлиги, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчилар тутиб олинган ёввойи ҳайвонларга ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлиши ҳамда ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида киритиши ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаши шартлиги каби мажбуриятларни белгилаш асослаб берилган;

сунъий яратилган шароитларда етиштириладиган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлиши мумкинлиги, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш борасидаги бузилган ҳуқуқларининг тикланиши ва ўзларига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларга ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлиши, шунингдек, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчилар фойдаланишга бериб қўйилган ўсимлик дунёси объектларидан оқилона фойдаланиши, ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида киритиши ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаши шартлиги каби мажбуриятларни белгилаш асослаб берилган;

давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланишга берилиши, ўрмондан фойдаланиш умумий ёки махсус бўлиши мумкинлиги, ўрмондан махсус фойдаланиш учун ҳақ тўланиши ҳамда тўловлар миқдори ва уларни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши лозимлиги каби таклифлар ишлаб чиқилган;

ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг тайёрланган маҳсулотга ва уни реализация қилишдан олинган даромадга мулкдор бўлиш ҳуқуқини ҳамда ўрмондан фойдаланганлик учун ўз вақтида ва белгиланган тартибда ҳақ тўлаш каби мажбуриятини белгилаш асослаб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистон экологик сиёсатининг иқтисодий-ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:

“Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмини ҳуқуқий таъминлаш”га доир концептуал ғоя ва таклифлардан  “Юриспруденция” йўналиши талабалари учун “Экология ҳуқуқи” дарслигини ишлаб чиқишда фойдаланилган  (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 24 августдаги 603-сонли буйруғи, 603-243 рақамли гувоҳнома). Натижада ушбу мутахассислик бўйича таълим олаётган талабалар, магистрантлар, ўқитувчилар, шунингдек, табиий ресурслардан махсус фойдаланувчилар ва табиатни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг билим, ўқув ва кўникмаларининг шаклланиши ва ривожланишига хизмат қилган;

табиатдан умумий ва махсус фойдаланиш тури, объекти, субъекти, усули, шакли, уларга бўлган ҳуқуқлар каби турли мезонларга асосан таснифлашга доир таклифлардан “Юриспруденция” йўналиши талабалари учун “Экология ҳуқуқи” дарслигини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 24 августдаги 603-сонли буйруғи, 603-243 рақамли гувоҳнома). Натижада “Экология ҳуқуқи” фанининг “Табиий ресурсларга нисбатан мулк ҳуқуқи” ва “Табиатдан фойдаланиш ҳуқуқи” институтларининг илмий-назарий жиҳатдан бойишига хизмат қилган;

ҳайвонот дунёсига нисбатан мулкчилик, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, балиқ овлашни амалга ошириш шартлари, ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ сифатида олинган маблағларни, жарима суммаларини ва ҳайвонот дунёси объектларига етказилган зарар учун ундирилган суммаларни тақсимлаш ҳамда улардан фойдаланишга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 сентябрдаги ЎРҚ-408-сон «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги (янги таҳрири) Қонунининг 4, 23, 30, 35, 50-моддаларида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2016 йил 3 октябрдаги 04/4-175-сон маълумотномаси).  Ушбу таклифлар ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишнинг иқтисодий-ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга хизмат қилган;

ўсимлик дунёсига нисбатан мулкчилик, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, дарахтлар ва буталарни кесиш, ғайриқонуний равишда йиғилган ва тайёрланган ўсимлик дунёси объектларини олиб қўйиш, зарарнинг ўрнини қоплашга оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 21 сентябрдаги ЎРҚ-409-сон «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги (янги таҳрири) Қонунининг 4, 25, 32, 37, 48, 49-моддаларида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2016 йил 3 октябрдаги 04/4-175-сон маълумотномаси).  Ушбу таклифлар ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишнинг иқтисодий-ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга ҳисса қўшган;

ўрмондан фойдаланишнинг асосий қоидалари сифатида давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланишга берилиши мумкинлиги, ўрмондан фойдаланиш умумий ёки махсус бўлиши мумкинлиги, ўрмондан махсус фойдаланиш учун ҳақ тўланиши ҳамда  тўловлар миқдори ва уларни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланишига оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-475-сон «Ўрмон тўғрисида» (янги таҳрири) Қонунининг 31-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2018 йил 21 ноябрдаги 04/4-05-18-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар ўрмондан фойдаланишнинг асосий қоидаларини янада такомиллаштиришга хизмат қилган;

ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг ҳуқуқи сифатида тайёрланган маҳсулотга ва уни реализация қилишдан олинган даромадга мулкдор бўлиши мумкинлиги ҳамда мажбурияти сирасига ўрмондан фойдаланганлик учун ўз вақтида ва белгиланган тартибда ҳақ тўлашни белгилаш оид таклифлар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-475-сон «Ўрмон тўғрисида» (янги таҳрири) Қонунининг 33-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг 2018 йил 21 ноябрдаги 04/4-05-18-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар ўрмондан доимий фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида мустаҳкамланишига хизмат қилган.