OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Рамазонов Бахтиёр Рамазоновичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
12 apr 2019

Рамазонов Бахтиёр Рамазоновичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Рамазонов Бахтиёр Рамазоновичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Орол бўйи ҳудудларининг тупроқ қоплами ва тупроқ хоссаларининг саҳроланиш таъсирида ўзгариши (Қорақалпоғистон Республикаси тупроқлари мисолида)», 03.00.13–Тупроқшунослик (биология  фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/B109.

Илмий раҳбар: Қўзиев Рамазан, биология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx/B.43.01.

Расмий оппонентлар: Турсунов Хамза Ҳамдамович, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор; Намозов Хушвақт Қорахонович, биология фанлари номзоди, профессор.

Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: иқлим ўзгариши шароитида Орол бўйи ҳудудлари тупроқ қопламининг трансформацияси ва бу ерда тарқалган тупроқлар хосса-хусусиятларининг ўзгаришини аниқлаш ҳамда юз бераётган салбий жараёнларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

кейинги 50-60 йил давомида глобал иқлим ўзгариши, сув заҳираларининг қайта тақсимланиши, антропоген босимнинг кучайиши натижасида Орол бўйи ҳудудларида тупроқ қоплами саҳроланиш жараёнининг намоён бўлиш хусусиятлари ва тупроқ қопламида юз берган ўзгаришлар аниқланган;

дарёларнинг қадимги ва олдинги «тирик» дельталарида тупроқ пайдо бўлиш жараёнларининг кескин ўзгариши натижасида тупроқ қоплами трансформацияси хусусиятлари аниқланган;

типик хўжаликларнинг суғориладиган ва қўриқ ер майдонларининг йирик масштабли тупроқ карталари тузилган ҳамда тупроқларнинг шўрланиши, озиқа элементлари билан таъминланганлик даражаси аниқланган;

Орол бўйи ҳудудларида саҳроланиш таъсирида тупроқ пайдо бўлишининг гидроморф режимдан автоморф режимга ўтиши ва унга мутаносиб саҳро минтақасига мос сур тусли қўнғир, тақирли, қумли чўл ва шўрхок тупроқлар майдони кўпаяётганлиги аниқланган;

Орол бўйи ҳудудлари тупроқ қопламида юз бераётган салбий жараёнларни аниқлаш асосида уларнинг олдини олиш ёки юмшатишга қаратилган илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Орол бўйи ҳудудлари тупроқ қоплами ва тупроқ хоссаларининг саҳроланиш таъсирида ўзгариши бўйича олинган илмий ва амалий натижалар асосида:

«Қорақалпоғистон Республикаси тупроқлари унумдорлиги ва маҳсулдорлигини ошириш, шўрланиш ва бошқа деградация жараёнларини олдини олиш бўйича тавсиялар» Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон бошқармасида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2018 йил 29 декабрдаги 03-05-10025-сон маълумотномаси). Натижада Орол бўйи ҳудудларидаги фермер хўжаликларига деградацияга учраган тупроқларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда қўлланма сифатида хизмат қилган;

типик хўжаликларнинг 1:10000 масштабли тупроқ карталари Қўнғирот туманидаги Й.Охунбобоев номли, Қонликўл тумани Сариалтин, Хўжайли тумани Дўстлик, Амударё тумани Тўлқин массивларидаги жами 13408,0 га суғориладиган ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2018 йил 29 декабрдаги 03-05-10025-сон маълумотномаси). Натижада ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш, ошириш ва муҳофазалаш ҳамда саҳроланиш жараёнининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берган;

Хўжайли тумани Дўстлик массиви суғориладиган тупроқларининг 1:10000 масштабли ҳаракатчан фосфор ва алмашинувчан калий билан таъминланганлик агрохимкартограммалари тузилиб, массивнинг 2163,0 гектар ер майдонларида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2018 йил 29 декабрдаги 03-05-10025-сон маълумотномаси). Натижада массивдаги фермер хўжаликлари суғориладиган ер майдонларига минерал ўғитларни мақбул меъёрларини белгилаш, фосфорли ва калийли ўғитларни табақалаштириб қўллаш имконини берган.