OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Абдулҳақов Яхёжон Артикбаевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
15 mart 2019

Абдулҳақов Яхёжон Артикбаевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Абдулҳақов Яхёжон Артикбаевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Одам савдоси жиноятларини тергов қилишнинг хусусиятлари», 12.00.09–Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Yu51.

Илмий раҳбар: Миразов Даврон Мирагзамович, юридик фанлар доктори, доцент.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.27.06.2017.Yu.25.01.

Расмий оппонентлар: Иноғомжонова Зумратхон Фатхуллаевна, юридик фанлар доктори, профессор; Саидов Бахром Анварович, юридик фанлар номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: одам савдоси жиноятларини тергов қилишни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

одам савдоси – бу инсоннинг озодлиги ва эркинлигига доир ҳуқуқларини поймол қиладиган, жабрдийдаларнинг саломатлигига ва муайян мамлакатдаги умумий соғлиқни сақлаш тизимига жиддий хавф туғдирадиган, тазйиқ ва зўравонликка асосланган, салбий ижтимоий хулқ-атворнинг кенг тарқалишига сабаб бўладиган ижтимоий хавфли қилмиш эканлиги асослантирилган;

одам савдоси жиноятларини тергов қилишда жабрланувчиларни ёлланган жойи, вақти, ёллаган шахслар, уларнинг танишлиги даражаси, таклиф этилган иш ёки хизматнинг тури, Ўзбекистондан чиқиш учун танланган транспорт тури, чегарадан ўтиш жойи, усулининг қонуний ёки ноқонунийлиги, хориж давлатида амалга оширилган ҳаракатлар, эксплуатация тури, муддати, усуллари, хусусиятлари, Ўзбекистонга қайтиш йўли, воситаси ва ҳолатларини исботлаш лозимлиги асослаб берилган;

одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг криминалистик тавсифини шакллантиришда унинг таркибига «жабрдийдаларни аниқлаш, уларни ёллаш ва жиноятни содир этиш, ҳамда жиноят содир этилиши шароитлари, вақти, жойи, қўлланилган усуллар, тажовуз объекти, жиноий гуруҳнинг тури ва шакли, иштирокчиларнинг сони, шунингдек жиноятчиларнинг шахсини тавсифловчи ҳолатлар, жабрдийда ҳақидаги маълумотлар»ни киритиш лозимлигини асослантирилган;

уюшган жиноий гуруҳлар томонидан содир этилган одам савдоси жиноятларини тергов қилишда ушбу гуруҳларнинг тузилишида иштирокчиларнинг тутган ўрни, роли, мазкур жиноятларни содир этишда ёллаш, ташиш, топшириш ва эксплуатация этиш босқичларининг вақти, жойи ва усули, жиноий гуруҳ аъзолари орасида вазифаларнинг тақсимланиш тартиби ҳамда гуруҳ аъзолари ҳар бирининг жиноий фаолиятини исботлаш тартиби ва ўзига хос усулларни қўллаш зарурлиги асослаб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Одам савдоси жиноятларини тергов қилишни такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:

одам савдоси тушунчасининг жиноят-ҳуқуқий тавсифини очиб бериш ҳамда одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини белгилаш тўғрисидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелдаги «Одам савдосига курашиш тўғрисида»ги қонунининг 3, 17-моддаларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 13 декабрдаги 06/1-05/250-ж-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий этилиши одам савдоси жиноятларига қарши курашишни амалга оширувчи органлар фаолиятининг такомиллаштирилишига хизмат қилган;

жабрланувчини ўғирлаш, зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёҳуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш билан боғлиқ тарзда содир этилган одам савдоси жиноятини квалификация қилинишига оид таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги «Одам савдосига оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 12-сонли қарорини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2018 йил 22 декабрдаги ПЛ-63-18- сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши суриштирувчи ва терговчилар томонидан одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тўғри квалификация қилинишига хизмат қилган;

жабрдийдаларни аниқлаш, уларни ёллаш ва жиноятни содир этиш, ҳамда жиноят содир этилиши шароитлари, вақти, жойи, қўлланилган усуллар, тажовуз объекти, жиноий гуруҳнинг тури ва шакли, иштирокчиларнинг сони, шунингдек жиноятчиларнинг шахсини тавсифловчи ҳолатларни аниқлаш, шунингдек одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилишда тактик усулларини қўллаш бўйича ишлаб чиқилган таклифлардан Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг идоравий-норматив ҳужжатларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг 2018 йил 30 ноябрдаги 18/41-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий қилиниши одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишларини тергов қилиш методикасининг такомиллаштирилишига ҳамда тергов органларининг фаолияти самарадорлигини ошишига хизмат қилган;

одам савдоси жиноятларини содир этувчи уюшган жиноий гуруҳларнинг тузилиши, улар томонидан жиноятларни содир этиш босқичлари ҳамда жиноий гуруҳ аъзолари орасида вазифаларнинг тақсимланиш механизмини аниқлаш ҳамда уларнинг фаолиятини исботлаш йўналишлари бўйича берилган таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 сентябрдаги «Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-442-сон Қонунини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 13 декабрдаги 06/1-05/250-ж-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этган ҳар бир шахсни жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб этиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда уларнинг айбини тўлиқ исботлашга хизмат қилган.