OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Отахонов Фозилжон Хайдаровичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
02 mart 2019

Отахонов Фозилжон Хайдаровичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Отахонов Фозилжон Хайдаровичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикасида юридик хизматнинг  назарий-ҳуқуқий муаммолари», 12.00.02–Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/Yu74.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.

Расмий оппонентлар: Тошқулов Жўрабой Ўринбоевич, юридик фанлар доктори, профессор; Хамедов Иса Ахлиманович, юридик фанлар доктори, профессор; Мухаммеджанов Омонулла Зокирович, юридик фанлар доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: юридик хизмат тизими ва фаолиятини ҳамда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларига юридик ёрдам кўрсатишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича  таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

юридик хизмат – давлат органи ва ташкилоти фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида мажбурий тартибда ташкил этиладиган мустақил таркибий тузилма бўлиб, у бевосита давлат органи ва ташкилотининг раҳбарига бўйсуниши лозимлиги асослантирилган;

юридик хизматнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича функциясининг қонунларда белгиланиши коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган нормалар бор-йўқлигини аниқлашга хизмат қилиши асосланган;

юридик хизмат ходимлари малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартибининг низомда белгиланиши, уларнинг юриспруденция соҳасидаги назарий ва амалий билимларини чуқурлаштириш, касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, зиммасига юкланган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтиришга хизмат қилиши очиб берилган;

низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш ва медиация) тартиби, шунингдек юридик хизматнинг шартномавий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашдаги иштироки қонунларда белгиланиши давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг  бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тезкорлик билан тиклаш имкониятини бериши  асослантирилган;

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофазасининг кафолатларини кучайтиришда Савдо-саноат палатаси ваколатларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этиши назарий жиҳатдан очиб берилган.

IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистон Республикасида юридик хизматнинг назарий-ҳуқуқий муаммоларига оид тадқиқот бўйича олинган илмий натижалардан қуйидагиларда фойдаланилган:

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш борасидаги таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида Низом»нинг 4, 5, 9, 15, 16, 18-бандларида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 22 январдаги 06/2-239-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматига қўйиладиган талабларни, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, юридик хизмат тушунчасини аниқ белгилашга хизмат қилган;

диссертантнинг юридик хизматнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизасини амалга оширишдаги иштироки тўғрисидаги таклифлари Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг (янги таҳрири) 22-моддаси, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонунининг 24-моддасига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил  22 январдаги  06/1-05-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш ҳуқуқ ижодкорлиги жараёни сифатини кўтаришга, юридик хизматнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизасини амалга оширишдаги иштирокининг қонун билан белгиланишига хизмат қилган;

давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилаш лозимлиги тўғрисидаги таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган «Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида Низом» қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2019 йил 23 январдаги 2/1-10-6-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказишда уларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини кучайтириш, малакасини оширишда эса юриспруденция соҳасидаги назарий ва амалий билимларини чуқурлаштириш ва янгилашга хизмат қилган;

низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 107, 149 ва 151-моддаларига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил 22 январдаги 06/1-05-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш низоларни судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилиш, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг  бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тезкорлик билан тиклашга, шунингдек, суд жараёни учун сарфланадиган харажатларни ҳамда юридик хизмат ходимлари вақтини тежашга хизмат қилган;

медиация, шу жумладан, медиатор ва унга доир талаблар, медиациянинг асосий принциплари, медиатив келишув, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув, медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув ҳамда медиациянинг низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳам қўлланилиши мумкинлиги тўғрисидаги таклифлари Ўзбекистон Республикаси «Медиация тўғрисида»ги Қонунининг 4, 5, 7, 12, 14, 15, 16, 22-моддаларида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил  22 январдаги  06/1-05-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш медиацияга оид асосий тушунчаларни илмий асосланган хулосалар ва хорижий мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда ифодаланиши, медиатор сифатида нафақат адвокат, балки медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган ҳар қандай шахс, шу жумладан, юрисконсульт ҳам бўлиши мумкинлиги қонунда белгиланишига хизмат қилган;

хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг  шартномавий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини ташкил этишга қаратилган вазифалари, талабнома, даъво аризаси ва суд буйруғига оид таклифлари Ўзбекистон Республикаси «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 17, 18, 19, 20, 21-моддаларида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2019 йил 22 январдаги 06/1-05-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг шартномавий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашдаги иштирокини ҳамда талабнома билдириш ва кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини, шунингдек даъво аризаси ва суд буйруғи олиш тўғрисидаги аризани бериш ҳуқуқини қонунда аниқ белгилашга хизмат қилган;

тадқиқотчининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофазасининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик фаолияти соҳаси қонунчилигини такомиллаштириш ва бу борада Савдо-саноат палатаси ваколатларини кенгайтириш бўйича таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5087-сон Фармони 1-бандининг а) ва б)-кичик бандлари, 4, 5 ва 11-бандларида инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг 2019 йил 21 январдаги 11/ИЖ-39-641- сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга хизмат қилган;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг тузилмасини такомиллаштириш ва унда мустақил юридик хизматни ташкил қилиш тўғрисидаги таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида»ги 3068-сон Қарорини қабул қилишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг 2019 йил 21 январдаги 11/ИЖ-39-641-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш Савдо-саноат палатасининг Ижроия қўмитаси таркибида бевосита Палата раисига бўйсунадиган мустақил Юридик бюро ташкил қилиниб, Палатада қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш самардорлигини оширишга хизмат қилмоқда.