OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Эгамова Феруза Рустамовнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
11 fev 2019

Эгамова Феруза Рустамовнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Эгамова Феруза Рустамовнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Организмдаги бузилган адаптатив жараёнларни стероид ва полифенол тузилишга эга табиий бирикмалар орқали фармакологик мувофиқлаштириш», 14.00.17–Фармакология ва клиник фармакология (биология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/В264.

Илмий раҳбар: Сыров Владимир Николаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўсимлик моддалари кимёси институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент фармацевтика институти, DSc.27.06.2017.Far.32.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.

Расмий оппонентлар: Эргашева Мукарамой Журабаевна, биология фанлари доктори; Файзиева Зиёда Тураевна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Тошкент тиббиёт академияси.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: фитоэкдистероидлар, циклоартан гликозидлар ва флавоноидларнинг организмда бузилган адаптатив жараёнларга таъсирини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

фитоэкдистероидлар универсал адаптоген воситалар сифатида тўлиқ тавсифланган ҳамда циклоартан гликозидлар ва флавоноидларнинг таъсирида тажрибавий ҳайвонлар организмида намоён бўладиган кўпгина биологик фаолликларда адаптоген хусусияти  мавжудлиги исботланган;

экдистероид, циклоартан ва флавоноид сақловчи субстанцияларнинг организм адаптацион потенциалини ошириши, яъни уларнинг алмашинув жараёнларига мўътадиллаштирувчи таъсир кўрсатиши липидларнинг перекисли оксидланишига ва антиоксидант тизими ҳолатига  таъсири билан боғлиқлиги аниқланган;

илк бор фитоэкдистероидлар (кўпроқ даражада) ҳамда циклоартан гликозидлар ва флавоноидлар (айниқса уларнинг йиғма препаратлари) организмнинг адаптацион потенциалини ошириш хусусияти бўйича таниқли адаптоген восита-элеутерококк экстрактига нисбатан бир қатор афзалликларга эгалиги исботланган;

экдистреоид сақловчи воситаларнинг қаҳрабо кислотаси ёки тетиклаштирувчи таъсирга эга ўсимлик экстрактлари билан мажмуаси организмнинг ноқулай таъсирларга шартсиз қаршилигини янада кўпроқ даражада ошириши аниқланган;

илк бор яққол адаптоген фаолликка эга экдистероид, циклоартан ва флавоноид сақловчи субстанциялар тажрибавий патологик ҳолатларга (токсик гепатитда, лейкопенияда, тери қоплами ва ошқозон шиллиғи яраларида, радиоактив нурланишда) ҳимояловчи таъсир кўрсатиш қобилиятига эгалиги ва улар турли хил стресс-катаболик таъсирларда организмнинг функционал-метаболик ҳолатидаги кўп сонли салбий оқибатларни фармакологик мувофиқлаштирувчи фаолликка эга потенциал восита эканлиги исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Фитоэкдистероидлар, циклоартан гликозидлар ва флавоноидлар асосида олинган субстанцияларнинг турли тажрибавий патологик ҳолатларда адаптоген таъсир самарадорлигини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

актопротектор, адаптоген ва қувватни ошириш фаоллигига эга восита яратиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (№IAP 05395, 2017 й.). Натижада маҳаллий хомашёдан самарали қувватлантирувчи, актопротекторли ва адаптоген фаолликка эга бўлган доривор восита яратиш имконини берган;

иммуномодулловчи ва адаптоген дори воситасини олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (№IAP 05396, 2017 й.). Натижада маҳаллий самарали иммуномодулловчи ва адаптоген дори восита яратиш имконини берган;

«Эксумид» озуқага биологик фаол қўшимчасини (БФҚ) ишлаб чиқариш техник шартлари «Ўзстандарт» агентлиги томонидан (Тs03535440-015:2015) ва «Тошкент шаҳар синовлар ва сертификатлаш маркази» Давлат корхонаси давлат реестрида рўйхатга олинган (№Uz.SMT.01.313.1978918, 15.02.2017 й.), Ўзбекистон Республикасида қўллашга рухсат этилган озуқага биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) рўйхатига киритилган (№000482). Натижада маҳаллий хомашё асосида самарали қувватлантирувчи ва адаптоген таъсирга эга восита яратиш имконини берган;

«Экдитон» озуқага биологик фаол қўшимчаси (БФҚ) ишлаб чиқариш техник шартлари «Ўзстандарт» агентлиги томонидан рўйхатга олинган (Тs64-23325453-001:2013), Ўзбекистон Республикасида қўллашга рухсат этилган озуқага биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) рўйхатига киритилган (№000667) ва «Биотон» корхонасида технологияси ўзлаштирилган. Натижада маҳаллий хомашё асосида самарали тетиклаштирувчи ва адаптоген восита яратиш имконини берган;

фланорин-жигарни ҳимояловчи (№01558/06/17, 06.06.2017 й.) ва цинарозид-гипоазотемик воситаларига (№00880/07/16, 08.07.2016 й.) «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» давлат унитар корхонасининг рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси олинган. Натижада ушбу препаратларнинг қўлланилишини янада кенгайтириш имконини берган.