OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Юлдашов Мансур Арзикуловичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
11 fev 2019

Юлдашов Мансур Арзикуловичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Юлдашов Мансур Арзикуловичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистоннинг турли типдаги сув ҳавзаларида балиқ маҳсулдорлигини оширишнинг биологик асослари», 03.00.15–Ихтиология (биология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.DSc/В35.

Илмий маслаҳатчи: Каримов Бахтиёр Курамбоевич, биология фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Балиқчилик илмий-тадқиқот  институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Зоология институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.52.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.

Расмий оппонентлар: Холбоев Фахриддин Рахмонкулович, биология фанлари доктори, профессор; Боймурадов Хусниддин Тошболтаевич, биология фанлари доктори, профессор; Дадаев Сайдулла, биология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот номи: Бухоро давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистоннинг турли типдаги сув ҳавзалари балиқ маҳсулдорлигини ошириш ҳисобига балиқ етиштириш ҳажмини кўп марта оширишнинг биологик асосларини ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

текислик қисмдаги асосий балиқчилик ҳавзалари табиий озуқа базасининг сифат ва миқдор кўрсаткичлари аниқланган;

балиқчиликнинг асосий кўрсаткичлари ва балиқ ўстириш жадаллигининг турли даражалари билан боғлиқ ҳолда турли сув типдаги ҳавзаларда балиқчилик тизимини ташкил қилишнинг самарадорлиги очиб берилган;

балиқчилик омилларининг жадаллигини ўзгартириш орқали карпсимон балиқлар ҳовуз поликультура технологиясининг маҳсулдорлигини ошириш йўллари аниқланган;

сув заҳиралари характерига боғлиқ ҳолда интенсив аквакультура учун энг истиқболли йўналиши сифатида қафас аквакультураси тизими исботланган ва сунъий бериладиган озуқа, улар сифатининг ҳамда озиқлантириш усулларининг боқиш интенсивлигидаги аҳамияти асосланган;

тоғ олди зоналари кенг миқёсда оқар сув бассейнларида қафасларда совуқ сув балиқчилигини ривожлантириш ва маҳсулдорлигини ошириш йўллари исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистоннинг турли типдаги сув ҳавзаларида балиқ маҳсулдорлигини оширишнинг биологик асослари бўйича олинган натижалар асосида:

балиқчилик хўжаликларида сув ҳавзаларига мунтазам равишда ўтказиб турилиши лозим бўлган балиқларнинг турлар бўйича ишлаб чиқилган меъёрлари Навоий вилояти «Аква-Тўдакўл» қўшма корхонасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 01/026-59-сон маълумотномаси). Натижада сув омборида ўртача балиқ маҳсулдорлигини гектарига 40 кг гача ошириш имконини берган;

саноат аквакультураси асосида балиқ ўстиришнинг таянч технологияси Жиззах вилояти «Абдухалил ота» МЧЖда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 01/026-59-сон маълумотномаси). Натижада саноат аквакультураси асосида 1 м3 ҳажмдаги жойдан 92 кг африка лаққа балиғи ва 50 кг карп балиғи етиштириш имконини берган;

аквакультуранинг рециркуляцион тизимида балиқларни саноат балиқчилиги шароитида ўстиришнинг биологик асослари бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Навоий вилояти «Аква-Тўдакўл» қўшма корхонасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 01/026-59-сон маълумотномаси). Натижада, товар балиқларни ўстиришда фойдаланилмасдан, ота-она балиқлар тўдасининг қишлашини ташкил қилиш ва улардан эрта баҳорда сунъий урчитиш йўли орқали насл олиш ҳамда олинган балиқ чавоқларини вегетация даври бошланганига қадар парваришлаш учун фойдаланиш асосида сув ҳавзалари маҳсулдорлигини ошириш имконини берган;

қафас аквакультураси учун ишлаб чиқилган таянч технология Бухоро вилояти «Муборак Бухорий» МЧЖда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 30 апрелдаги 01/026-59-сон маълумотномаси). Натижада, балиқларни таянч технологиялар асосида тайёрланган гранулаланган ем билан боқиб 75 м3 сув ҳавзасидан 1800 кг ёки 24 кг/1м3 балиқ маҳсулдорлигига эришиш имконини берган;

совуқ сув балиқчилигида камалак ранг форел етиштириш технологияси Тошкент вилояти «Хонбалиқ» МЧЖда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг 2018 йил 17 апрелдаги 07/562-сон маълумотномаси). Натижада совуқ сув балиқчилигида форель маҳсулдорлигини 0,2 кг/м3 дан 20–40 кг/м3 га ошириш имконини берган.