OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Камилов Бахтияр Ганиевичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
11 fev 2019

Камилов Бахтияр Ганиевичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Камилов Бахтияр Ганиевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда овланадиган балиқ турларининг рекродуктив биологияси хусусиятлари»,03.00.15–Ихтиология (биология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/В33.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Балиқчилик илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Зоология институти ва Ўзбекистон Миллий университети, DSc.29.08.2017.В.52.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.

Расмий оппонентлар: Пазилов Абдуваеит Пазилович, биология фанлари доктори, профессор; Мавлянов Очил Мавлянович, биология фанлари доктори, профессор; Жуманов Муратбай Арипбаевич, биология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон шароитида балиқчиликни ривожлантириш ва аквакультурада балиқларни кўпайтиришнинг истиқболли йўналишларини танлаш учун асосий овланадиган балиқ турларининг репродуктив биологияси хусусиятларини асослашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор табиий сув ҳавзалари ва ҳовузларда асосий овланадиган балиқлар урғочиси жинсий вояга етишининг тезлиги, урчиш олдидан жинсий вояга етган урғочи балиқларнинг етилганлик коэффициенти, мутлақ ва нисбий серпуштлиги, етилган ва ташланган икралар ўлчамлари аниқланган;

балиқлар репродуктив биологияси кўрсаткичлари гистологик таҳлил даражасида ретроспектив баҳолаш орқали балиқлар ўсиши билан ўзаро боғлиқлиги исботланган;

балиқлар популяциялари ва авлодлари репродуктив биологияси хусусиятларининг популяция ичидаги  ўзгарувчанлиги қиёсий таҳлил натижасида  очиб берилган;

балиқчилик хўжаликларида қўлланиладиган наслчилик ишларини ташкиллаштиришда турлар репродуктив имкониятларидан фойдаланиш, ёввой тўдаларга таққослаганда, ота-оналар тўдасида тез жинсий вояга етишини ҳамда юқори-мутлақ ва нисбий серпуштликни таъминлаши исботланган;

гуруҳлар ичидаги ўзгарувчанликни аниқлаш мисолида карп ва оқ дўнгпешона балиқларининг республикада нисбатан тез жинсий етиладиган ва серпушт тўдаларини шакллантириши аниқланган;

ноанъанавий географик шароит ва муддатларда балиқларни сунъий урчитиш учун кўпайтириладиган балиқларни сақлаш шароитини бошқаришнинг интенсив аквакультурани ривожлантириш учун истиқболли эканлиги исботланган;

дарёлар оқимининг бошқарилиши ва замонавий балиқ овлаш шароитида овланадиган балиқ турларида жинсий вояга етишнинг меъёрда кечиши, аммо, балиқ овлаш тартиби балиқ популяцияларига сезиларли таъсир кўрсатиши очиб берилган;

дастлабки жинсий вояга етгунга қадар балиқлар гуруҳи авлодларида ўсиш ва жинсий вояга етишнинг турли-туманлигини намоён бўлиши аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистонда овланадиган балиқ турларининг репродуктив биологияси xусусиятлари бўйича олинган натижалар асосида:

сув ҳавзаларида балиқларни она тўдасини шакллантириш асосида кичик сув ҳавзаларида балиқларни эрта етилиши таъминлаш ва юқори маҳсулдор тўдаларни шакллантириш бўйича амалий тавсиялар «Балиқтаёрловбизнес» МЧЖ фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 7 майдаги 02/026-13-сон маълумотномаси). Натижада карп балиғини авлод беришини 65%га ошириш ва урғочи карп балиғидан ўртача 725 мингта икра олиш имконини берган;

республиканинг текислик сув ҳавзаларида яйлов аквакультураси технологиясини жорий қилишнинг биологик асослари бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар «Аква-Тўдакўл» қўшма корхонасида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг 2018 йил 17 апрелдаги 07/563-сон маълумотномаси). Натижада сув ҳавзасидан балиқ овлашни йилига 180–200 тоннадан 1000–1650 тоннага ошириш имконини берган;

балиқчилик хўжаликларида балиқларидан сунъий насл олиш жараёнида қўлланиладиган гипофизли инъекция миқдорининг меъёрлари «Fish Leader» MЧЖда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг 2018 йил 17 апрелдаги 07/563-сон маълумотномаси). Натижада африка лаққа балиғидан биринчи йили 200 мингдан ортиқ балиқ икраларини олиш имконини берган;

яйлов аквакультурасини режимини қўллаш бўйича ишлаб чиқилган амалий тавсиялар «Қашқадарёбалиқсаноат» МЧЖ фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг 2018 йил 17 апрелдаги 07/563-сон маълумотномаси). Натижада сув ҳавзаларида балиқ маҳсулдорлигини 1–5 кг/га дан 25–40 кг/га ошириш имконини берган;

республика учун аквакультуранинг янги тропик объекти-африка лаққасини кўпайтиришнинг биологик асослари бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар «Fish Leader» MЧЖда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасининг 2018 йил 17 апрелдаги 07/563-сон маълумотномаси). Натижада илиқ сувларда бир цикл давомида 150–350 минг африка лаққаси чавоқларини етиштириш ва хўжаликлар рентабелликни йиллик 20–30%га ошириш имконини берган.