OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Абдуллаев Музробжон Гуламовичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
29 dek 2018

Абдуллаев Музробжон Гуламовичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Абдуллаев Музробжон Гуламовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўрта Осиёдаги махсус посёлкалар тизими ва сургун қилинган қулоқлар тақдири (1930–1954 йиллар)», 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.DSc/Tar100.

Илмий маслаҳатчи: Шамсутдинов Рустамбек Темирович, тарих фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Тар.01.04.

Расмий оппонентлар: Хасанов Бахтиёр Вахапович, тарих фанлари доктори, профессор; Хаитов Шадмон Ахмадович, тарих фанлари доктори; Кененсариев Ташманбет, тарих фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: 1930–1954 йиллар даврий чегарасида Ўрта Осиёда қулоқ оилалари сургун қилинган махсус посёлкаларнинг тизим сифатида қарор топиши ва фаолиятини, “махсус кўчирилганлар”нинг сургундаги фожиали қисматини очиб беришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Ўрта Осиёга сургун қилинганлар мажбурий меҳнатидан пахтачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик (Ўзбекистон), чорвачилик (Қирғизистон), чўл-дашт ҳудудларини ўзлаштириш ва ирригация иншоотлари қурилиши (Тожикистон, Қирғизистон)да фойдаланилгани қиёсий услубда очиб берилган;

минтақада махсус посёлкалар тизими шаклланишининг тўртта асосий босқичи кўрсатилган: биринчи босқич (1930 йил) – қулоқларни жойлаштириш ва меҳнатини ташкил этишнинг аниқ механизмлари йўқлиги боис сургун жойларида оғир вазият юзага келгани, иккинчи босқич (1931 йил май-август) – махсус посёлкалар бошқаруви ОГПУ органлари зиммасига ўтказилиб, сургун қилинганлар устидан комендатура назорати ўрнатилгани, учинчи босқич (1932 йил) – янги ташкил этилган пахтачилик совхозларини арзон ишчи кучи билан таъминлаш мақсадида сургун оқимининг Ўрта Осиёга йўналтирилгани, тўртинчи босқич (1933-1936 йиллар) – Қирғизистон ва Тожикистонда янги ерларни ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилгани асосланган;

дислокация ва миллий таркибига кўра, Ўрта Осиёдаги 56 та махсус посёлканинг Ўзбекистон ССРдаги 17 тасида сургун қилинганларнинг катта қисми ўзбек, туркман, кабардин, осетин, қорачой, тожик, рус, украин, қирғизлардан иборатлиги, Қирғизистон АССРдаги 19 таси рус, украин, немис, ўзбек, дарғин, лезгин, чувашлардан, Тожикистон АССРдаги 20 та посёлка таркиби Волгабўйи руслари, немис, украин, фин, эстон, турк ва молдованлардан ташкил топганлиги асосланган;

махсус посёлкалардаги маданий-маърифий муассасалар (клублар, кутубхоналар, қизил бурчаклар, қизил чойхоналар) фаолияти сургундагиларни “коммунистик руҳда” тарбиялашга йўналтирилгани, таълим муассасалари (саводсизликни тугатиш курслари, маҳаллий, рус, украин, қозоқ, туркман, осетин, кабардин, қорачой тилларидаги мактаблар) фаолиятидаги моддий-техник қийинчиликлар, миллий тиллардаги дарслик ва ўқитувчилар етишмовчилиги, тиббий муассасаларининг (амбулатория, касалхона, санизоляторлар) кадрлар, жиҳозлар ва дори-дармон таъминотидаги оғир аҳволи аниқланган;

махсус кўчирилганларнинг сургундан озод қилиниши ва махсус посёлкалар тизимининг 1954 йилда барҳам топишига таъсир кўрсатган омиллар (“собиқ қулоқлар”нинг Иккинчи жаҳон уруши фронтларидаги иштироки ва фидокорона меҳнати) аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

 1930-1954 йиллар даврий чегарасида Ўрта Осиёдаги махсус посёлкалар тизими тарихини тадқиқ этиш бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:

Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги қулоқ посёлкалари дислокацияси ва харитаси, махсус кўчирилганларнинг ҳаёт тарзи, меҳнат фаолиятини акс эттирувчи материаллар, махсус посёлкаларда 1937–1938 йилларда қайта қатағон қилинган собиқ қулоқлар тўғрисидаги маълумотлардан Марказий ва ҳудудий Қатағон қурбонлари хотираси музейлари экспозицияларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг 2018 йил 12 ноябрдаги 224-сон маълумотномаси). Тақдим этилган материаллар музей бўлимини янги маълумотлар билан бойитиб, совет тузумининг қишлоқ аҳолисига нисбатан олиб борган қатағон сиёсати ва амалиётининг асл моҳиятини ёритишга хизмат қилган;

қулоқ қилиш динамикаси, махсус посёлкаларга сургун қилинган деҳқонлар миқдори ва миллий таркибига оид статистик маълумотлардан, махсус посёлкалардаги ҳаёт тарзини ёритувчи материаллардан Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи Тарих бўлимининг ўзбек қишлоқлари тарихи экспозициясини бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 4 декабрдаги 01-11-08-8355-сон маълумотномаси). Бу материаллар советларнинг Ўзбекистондаги қулоқ қилиш сиёсати ва унинг оқибатларини тўлақонли ёритишга хизмат қилган;

Ўрта Осиё республикаларидаги қулоқлар сургуни, махсус посёлкалар дислокацияси, махсус кўчирилганлар таркибига оид тадқиқот натижалари, архив ҳужжатлари ва материаллари намуналаридан Андижон вилоят давлат архиви тегишли фондларини тўлдириш ва такомиллаштиришда фойдаланилган (Андижон вилоят давлат архивининг 2018 йил  14 декабрдаги 01-19/135-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг жорий этилиши архив фондларини янги статистик маълумотлар билан бойитишга, қулоқ қилиш ва унинг оқибатларини ўрганиш ва тадқиқ этиш имконини яратган;

қулоқлар сургуни, махсус посёлкалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёт масалалари бўйича эълон қилинган илмий мақолалардан, тадқиқот материаллари ва илмий хулосаларидан “Мерос” илмий-амалий халқаро экспедиция жамоат фонди нашрларида фойдаланилган (“Мерос” илмий-амалий халқаро экспедиция жамоат фондининг 2018 йил 23 июндаги 0/48-сон маълумотномаси). Тадқиқотнинг илмий натижалари совет ҳокимияти йилларида Ўзбекистон халқлари ҳаёти, тақдирида юз берган ўзгаришлар ҳақида янгича тарихий тафаккурни шакллантиришга хизмат қилган;

бегона юртларга сургун қилинган юртдошларимиз тақдирини ёритувчи материаллардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Андижон вилоят телерадиоканалида 2017 йил 31 августда эфирга узатилган “Қийратилган қисматлар”, 2018 йил 9 майда намойиш этилган “Хотира ардоғи” кўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Андижон вилояти телерадиокомпаниясининг 2018 йил 17 декабрдаги 20-24/470-сон маълумотномаси). Бу материаллар кўрсатувларни мазмунан бойитишга, совет тузуми даврида қишлоқ аҳолисига нисбатан зўравонлик қилиниб, азоб-уқубатларга дучор этилганини телетомошабинларга таъсирчан қилиб етказишга ҳамда юртдошларимизда бугунги фаровон ҳаётга шукроналик туйғуларини ўстиришга хизмат қилган.