OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Авлиякулов Мирзоолим Авазовичнинг фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
06 dek 2018

Авлиякулов Мирзоолим Авазовичнинг фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Авлиякулов Мирзоолим Авазовичнинг

фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Суғориладиган ерлардан йил давомида самарали фойдаланишнинг илмий асослари», 06.01.02–Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.DSc/Qx103.

Илмий маслаҳатчи: [Мирзажонов Қирғизали Мирзажонович], қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.

Расмий оппонентлар: Исаев Сабиржан Хусанбаевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Икрамов Раҳим Каримович, техника фанлари доктори, профессор; Арамов Музаффар Ҳошимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: жанубий минтақа ўтлоқлашиб бораётган тақирсимон ва марказий минтақа суғориладиган типик бўз тупроқлар шароитида ердан йил давомида самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларидан йилига 2-3 мартагача ҳосил етиштиришнинг мақбул агротехнология элементларини ишлаб чиқиш ҳамда тупроқ шўрланишини масофавий зондлаш ва географик ахборот тизими (ГАТ) орқали хариталашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор ўтлоқлашаётган тақирсимон ва суғориладиган типик бўз тупроқлардан йил давомида самарали фойдаланиб, йилига 2-3 маротаба ҳосил етиштиришнинг мақбул агротехнология элементлари ишлаб чиқилган;

ўтлоқлашиб бораётган тақирсимон тупроқлардан йил давомида фойдаланишнинг сизоб сувлари сатҳи, минерализацияси ва мавсумий туз тўпланиш коэффициентига таъсири  аниқланган;

суғориладиган типик бўз тупроқлар шароитида экинларнинг суғориш муддатларини барг ҳужайра шираси концентрацияси орқали аниқлаш илмий асосланган;

масофавий зондлаш ва геоахборот тизимидан (ГАТ) фойдаланиб тупроқ шўрланиши кузги буғдойга таъсири орқали хариталанган;

суғориш ва озиқлантириш тартибларининг ўрганилган экинлар ўсиши-ривожланиши, ҳосил тўплаши ва ҳосилдорлиги ҳамда бир дона кўсакдаги пахта, 1000 дона дон, бир бош карам, пиёзбош, картошка ва помидор вазнига таъсири аниқланган;           

ўтлоқлашиб бораётган тақирсимон ва суғориладиган типик бўз тупроқларда ердан йил давомида фойдаланишнинг тупроқни агрокимёвий ва агрофизикавий хоссалари ўзгаришига таъсири аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Суғориладиган ерлардан йил давомида самарали фойдаланиш ва экинлардан йилига 2–3 маротаба юқори ҳосил етиштириш агротехнологияларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:

деҳқон-фермер хўжаликлари ва сувдан фойдаланувчиларга қўлланма сифатида фойдаланиши учун «Мамлакатимиз суғориладиган ерларида янги тизимдаги мелиоратив минтақа ва гидромодул ҳудудлар бўйича асосий, такрорий, бошоқли дондан сўнг анғизига экилган зироатларнинг сув истеъмоли ва суғориш тартибларини илмий асослаш бўйича услубий қўлланма» тавсияномаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 23 октябрдаги 02/020-1505-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома деҳқон-фермер хўжаликлари ва сувдан фойдаланувчилар учун қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;

Сурхондарё вилоятининг ўтлоқлашиб бораётган тақирсимон тупроқлари шароитида суғориладиган ерлардан йил давомида самарали фойдаланишда Термиз, Ангор, Музработ, Қизириқ, Шеробод, Қумқўрғон, Денов, Олтинсой ва Жарқўрғон туманлари фермер хўжаликларида «Бухоро-102» ўрта толали ғўза нави жами 7,1 минг гектар, «Термиз-49» ингичка толали ғўза нави 557 гектар, кузги буғдойнинг «Чиллаки» нави 2,1 минг гектар, арпанинг «Болғали» нави эса 1,1 минг гектар майдонда мақбул парваришлаш агротехнологияси жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 23.10.2018 й., 02/020-1505-сон маълумотномаси). Ушбу агротехнология жорий этилиши эвазига ўсимликнинг жадал ўсиб ривожланиши, ҳосил тўплаши яхшиланиши, пахтадан гектарига 3-5 центнер, кузги буғдой ва арпадан 7-8 центнер қўшимча ҳосил олишга ҳамда рентабеллик ошишига эришилган;

жанубий минтақа Сурхондарё вилояти ўтлоқлашаётган тақирсимон тупроқларида бир даладан йилига 2–3 мартагача ҳосил етиштириш бўйича ишлаб чиқилган агротехнологиялар бошоқли дон экинлари анғизида маккажўхори дон ва кўк масса учун 80 гектар, маккажўхоридан сўнг кечки оқбош карам ва пиёз навлари жами 40 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 23 октябрдаги 02/020-1505-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида суғориладиган ерлардан йил давомида самарали фойдаланиш ва бир даладан йилига 2–3 маротаба ҳосил етиштиришга эришилиб, тупроқ унумдорлиги сақланиши, экинлардан  йилига 2–3 маротаба ҳосил етиштиришнинг иқтисодий самарадорлиги ўта юқори бўлиши, бошоқли дон экинлари анғизида парваришланган маккажўхоридан 4–5 центнер, оқбош карам ва пиёздан 6–7 т/га қўшимча ҳосил олишга эришилган;

суғориладиган ерлардан йил давомида самарали фойдаланиб, битта даладан йилига 2-3 маротаба ҳосил етиштириш агротехнологияси Тошкент вилояти Бўка туманида 128,0 гектар, Бекобод туманида 143,0 гектар, Пискент туманида 242,0 гектар, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти тажриба майдонларида 33,0 гектар майдонга  жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 23 октябрдаги 02/020-1505-сон маълумотномаси). Натижада экинларнинг ўсиб ривожланиши яхшиланиб, ғўзанинг  «Султон» навидан гектарига 4,0–4,9 центнер, кузги буғдойнинг «Чиллаки» навидан 7-8 центнер, кузги буғдой анғизига экилган мошнинг «Дурдона» навидан 2,3-2,6 центнер, помидорнинг «ТМК-22» навидан 4,7–5,4 центнер, картошканинг «Акраб» навидан 4,8–5,6 центнер қўшимча ҳосил етиштиришга ҳамда рентабелликнинг 15–20 фоизга ошишига эришилган.