OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Норкулов Усманкулнинг фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
06 dek 2018

Норкулов Усманкулнинг фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Норкулов Усманкулнинг

фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тупроқ шўрини ювишда сувни тежаш технологияларининг илмий ва амалий асослари», 06.01.02– Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.DSc/Qx95.

Илмий маслаҳатчи: Хамидов Мухаммадхон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx.42.01.

Расмий оппонентлар: Мамбетназаров Бисенбай Сатназарович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Исашев Анваржон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, Курвантаев Рахмонтой, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўртача ва кучли шўрланган тупроқлар шўрини ювишда сувни тежаш ҳамда шўрхок гипсли тупроқларни ҳар хил усулда мелиорация қилишнинг (икки ярусли зовурлаштириш, чуқур юмшатиш, чуқур тилмалаш ва шўр ювиш) тупроқни сув ва туз тартибларига таъсирини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор ўртача ва кучли шўрланган ерларда кузги буғдой, кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида экилган маккажўхори ва ғўзани ўзаро қисқа ротацияли алмашлаб ва навбатлаб экишда тупроқни сув ва туз тартиблари ҳамда мавсумий туз тўпланиш жараёнлари аниқланган;

ўртача ва кучли шўрланган ерларда кузги буғдой, кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида экилган маккажўхори ва ғўза экилган майдонларида ердан йил давомида фойдаланишда тупроқдаги туз ва сув мувозанати (кирим ва сарфланиш меъёрлари) аниқланган;

мазкур экинлар жойлашувида тупроқда мавсумий туз тўпланиши миқдори ва тупроқ намлигига боғлиқ ҳолда шўр ювиш муддатлари, меъёрлари ва усуллари ишлаб чиқилган;

шўрхок гипсли ерларда амалга оширилган мелиоратив тадбирларнинг (икки ярусли зовурлаштириш, чуқур юмшатиш, чуқур тилмалаш, шўр ювиш)  тупроқ агрофизикавий, сув-физик ва агрокимёвий хоссаларига таъсири аниқланган;

икки ярусли зовурлаштириш, чуқур юмшатиш, чуқур тилмалаш ва шўр ювишнинг сизот сувлари жойлашиш чуқурлиги, уларни минераллашганлик даражаси, зовур сув оқими, тупроқнинг туз тартибига узоқ муддатли таъсир этиши аниқланган;

шўрхок гипсли тупроқларни мелиорация қилиш ва улардан самарали фойдаланиш технологиялари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Шўрланган майдонларда тупроқ шўрини ювишда суғориш сувларини тежаш технологияларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари асосида:

шўрланган суғориладиган майдонларда тупроқ шўрини ювишда фермер хўжаликлари учун қўлланма сифатида «Шўр ювишда сувдан самарали фойдаланиш» номли тавсиянома ишлаб чиқилган ва тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 26 ноябрдаги 02/032-217-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиянома Сирдарё вилоятининг шўрланган майдонларида кўп тармоқли фермер хўжаликларида тупроқнинг шўрини ювишда асосий қўлланма сифатида хизмат қилган;

ўртача ва кучли шўрланган ўтлоқлашган оч тусли бўз тупроқларда ғўза қатор орасини кузги буғдой экишдан олдин 18-20 см чуқурликда юмшатиш, экишдан кейин кузги буғдой майдони шўрини ювиш учун эгат узунлиги ҳар 50 метр ўқариқлар билан чегараланган ҳолда шўр ювиш технологияси Сирдарё вилояти Ховос тумани фермер хўжаликларида 200 гектар, Оқолтин тумани фермер хўжаликларида 200 гектар, жами 400 гектар кузги буғдой майдонларига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 26 ноябрдаги 02/032-217-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ўртача шўрланган майдонларда жами гектарига 3000–3500 м3 меъёрда ерни юмшатишдан олдинги уруғ суви бирга сарфланиб, тупроқнинг 1 метр қатламидаги тузлар миқдори 0,036–0,045 фоиздан (хлор иони бўйича) 0,01 фоизгача ювилган, кузги буғдой дон ҳосилдорлиги гектарига 33,5–43,7 центнерни ташкил этган, суғориш сувлари 30 фоизгача тежалган ҳамда гектаридан 243700 сўм соф фойда олишга эришилган;

кузги буғдойдан кейин такрорий экин сифатида маккажўхори экилган майдоннинг шўрини ювиш учун ерни кузда шудгорлаш (30 см чуқурликда), текислаш ва қатор ораси 60 см бўлган эгатлар олиш ҳамда ҳар 50 метр оралиқда ўқариқлар билан чегераланган ҳолда шўр ювиш технологияси Ховос тумани фермер хўжаликларида 50 гектар, Оқолтин тумани фермер хўжаликларида 50 гектар жами 100 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 26 ноябрдаги 02/032-217-сон маълумотномаси). Натижада ўртача шўрланган майдонларда шўр ювиш учун гектарига 2400 м3 сув сарфланган, тупроқнинг 1 метр қатламидаги тузлар миқдори 0,028–0,034 фоиздан (хлор иони бўйича) 0,01 фоизгача камайган, маккажўхорининг дон ҳосилдорлиги гектаридан 17,0–28,5 центнер, поя ҳосилдорлиги 167,7–195,0 центнерга ошган ва иқтисодий самардорлик гектарига 1014600 сўмни ташкил этган;

ўтмишдош экин кузги буғдой бўлиб, ғўза экилган майдоннинг шўрини ювиш учун кузги шудгор, текислаш ва қатор оралиғи 60 см ва узунлиги ҳар 50 метрда ўқариқлар олинган ҳолда шўр ювиш технологияси Ховос тумани фермер хўжаликларида 200 гектар, Оқолтин тумани фермер хўжаликларида 150 гектар, жами 350 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 26 ноябрдаги 02/032-217-сон маълумотномаси). Натижада ўртача шўрланган майдонларга шўр ювиш учун гектарига 3380 м3 сув сарфланган, тупроқ таркибидаги тузлар миқдори (хлор иони бўйича) 0,039 фоиздан 0,018 фоизгача камайган ва гектаридан 9,2 центнер қўшимча пахта ҳосили олишга эришилган;

шўрхок гипсли тупроқларни мелиорация қилиш учун икки ярусли зовур барпо қилиниб (биринчи ярус-ёпиқ чуқур зовур 2,5–3,0 метр, оралиғидаги масофалар 70 метр, иккинчи ярус-ёпиқ юза зовур 1,0–1,20 метр чуқурликда, орасидаги масофа 30,0–33,0 метр) ерни шудгорлаш (30–40 см), ерни чуқур юмшатиш (70–80 см) ва тилмалаш (120 см) асосидаги шўр ювиш технологияси Сирдарё вилояти Ховос туманидаги фермер хўжаликларида 32 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 26 ноябрдаги 02/032-217-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида тупроқ кучли шўрланган ва шўрхок даражасидан кучсиз ҳамда ўртача шўрланиш даражасигача пасайган ва ғўзадан гектаридан 24,0 центнер пахта ҳосили олинган.