OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Астанов Истам Рустамовичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
02 noy 2018

Астанов Истам Рустамовичнинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Астанов Истам Рустамовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жиноят ишлари бўйича махсус билимлардан фойдаланишнинг процессуал ва криминалистик жиҳатлари», 12.00.09–Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.DSc/Yu17.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.27.06.2017.Yu.25.01.

Расмий оппонентлар: Иноғомжонова Зумратхон Фатхуллаевна, юридик фанлар доктори, профессор; Тўлаганова Гулчехра Захитовна, юридик фанлар доктори, профессор; Муродов Бахтиёржон Баҳодирович, юридик фанлар доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: жиноят ишлари бўйича махсус билимлардан фойдаланишга оид миллий қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

гувоҳ, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг экспертиза тайинлаш ва ўтказишдаги ҳуқуқларини қонунда белгилаш орқали жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқларини тенглаштириш таклиф этилган;

экспертни ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортиш унинг меҳнат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга зарар етказиши асослантирилган;

экология соҳасидаги, шунингдек сўзлашув қурилмалари, маълумот сақловчи воситалар, компьютер техникаси ёки зарар келтирувчи дастурлардан фойдаланиб содир этилган жиноят ҳолатларини қонунга киритиш орқали экспертиза тайинлаш ва ўтказилиши шарт бўлган ҳолатларни кенгайтириш лозимлиги асослаб берилган;

адвокатга экспертиза тайинлаш ваколатининг берилиши унинг ҳимоя имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши исботланган;

эксперт ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлашнинг процессуал тартибига доир нормаларни қонунда белгилаш асослантирилган;

экспертизага тақдим этиладиган намуналарга қўйиладиган минимал талабларни белгилаш қоидалари ишлаб чиқилган;

суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартибини қонунда белгилаш таклиф этилган;

экспертиза учун юборилган объектларни қабул қилиш, сақлаш, тайёр материаллар ва ашёвий далилларни, экспертиза тадқиқоти натижаларини расмийлаштириш бўйича умумий ва якунловчи қоидалар ишлаб чиқилган.

IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Жиноят ишларида махсус билимлардан фойдаланишга оид миллий қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:

экспертларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва экспертиза тайинлаш ва ўтказишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси 30-бобининг 208-217-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 2015 йил 28 декабрдаги 1/16-464-сон маълумотномаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2017 йил 26 сентябрдаги 06/2-06/2251вх-сон маълумотномаси, Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2016 йил 4 октябрдаги 06-20/602-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши божхона фаолияти билан боғлиқ муносабатларда махсус билимлардан фойдаланиш жараёнларини тартибга солишга ҳисса қўшган;

суд экспертларининг муайян суд-экспертлик фаолияти бўйича малакаси ва ҳуқуқий билимларини оширишга доир таклифлар Ўзбекистон Республикаси “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонунини 271-модда билан тўлдиришда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2016 йил 2 августдаги 14/5-6532/3-сон маълумотномаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2017 йил 19 сентябрдаги 06/1-05/2258вх-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши эксперт хулосасининг сифатини оширишга, хулоса беришда камчиликларга йўл қўйилишларни бартараф этишга хизмат қилган;

маъмурий иш юритишда экспертлар фаолиятини тартибга солишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунининг 27, 28, 29, 30-моддаларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2017 йил 4 январдаги 3/12-9759/5-сон, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2018 йил 28 февралдаги 1-сон маълумотномалар). Мазкур таклифларнинг инобатга олиниши маъмурий иш юритишда экспертлар комиссиясини жалб қилиш механизмини белгилашга хизмат қилган;

далилларни экспертлар томонидан қабул қилиб олиш, сақлаш ва расмийлаштиришга доир таклифлар 2015 йил 3 августда тасдиқланган “Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида ашёвий далиллардан экспертлик фаолиятида фойдаланиш ва сақлаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 4, 8, 12, 14, 17, 53-бандларида ўз ифодасини топган (Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2015 йил 18 августдаги 29-857/1-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлардан фойдаланилиши экспертизаларни тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг тайёр материалларини расмийлаштириш тартибини такомиллаштиришга хизмат қилган;

жиноят ишлари бўйича махсус билимлардан фойдаланишнинг криминалистик жиҳатларига доир илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тавсия этилган “Криминалистика” дарслигида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг 2016 йил 15 августдаги 38/31-182-сон маълумотнома). Ушбу илмий хулосалар жиноят ишлари бўйича махсус билимлардан фойдаланишнинг криминалистик жиҳатларига доир назарий-методологик ёндашувларни ривожлантиришга хизмат қилган.