OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Мустафаев Илёр Мурадуллаевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
24 sen 2018

Мустафаев Илёр Мурадуллаевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Мустафаев Илёр Мурадуллаевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Нурота қўриқхонаси юксак ўсимликлари микромицетлари», 03.00.05–Ботаника (биология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/B154.

Илмий раҳбар: Нуралиев Хамра Хайдаралиевич, биология фанлари номзоди, доцент.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ботаника институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ботаника институти, Ўзбекистон Миллий университети, Dsc.27.06.2017.B.39.01.

Расмий оппонентлар: Рахимова Ташхоним, биология фанлари доктори, профессор; Ибадов Комил, биология фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Нурота қўриқхонаси юксак ўсимликларида тарқалган микромицетларнинг турлар таркибини аниқлаш ва патоген турларининг ривожланиши ҳамда тарқалишини асослашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Нурота қўриқхонаси юксак ўсимликларида микромицетларнинг 2 бўлим, 7 синф, 19 тартиб, 41 оила, 80 туркумига мансуб бўлган 287 тур, 58 форма ва 4 вариацияси аниқланган;

илк бор юксак ўсимликларда Ўзбекистон микобиотаси учун янги 1 форма ва 23 замбуруғ турлари аниқланган;

микромицетларнинг тик минтақалар бўйича тарқалиши ва мавсумий ривожланиши очиб берилган;

микромицетларнинг 18 туркумга мансуб 31 тур ва 10 формаси юксак ўсимликларнинг 19 оила, 40 туркумга мансуб 45 тур янги хўжайин ўсимликларида учраши аниқланган;

Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган Acantholimon nuratavicum Zakirov, Cicer grande (Popov) Korotkova, Helichrysum nuratavicum Krasch., Phlomis nubilans Zakirov каби туриларда занг, аскохитоз ва ун-шудринг касалликлари учраганлиги аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Нурота қўриқхонаси юксак ўсимликлари микромицетлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:

микромицетларнинг 287 тур, 58 форма ва 4 вариациясидан иборат маълумотлар электрон базаси Нурота қўриқхонаси юксак ўсимликлар микромицетлари бўйича мониторинг олиб бориш ва ўсимликларни фитопатологик ҳолатини баҳолаш амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2018 йил 30 апрелдаги 03/17-1160-сон маълумотномаси). Натижада қўриқхоналар, шунингдек, ўрмон хўжаликлари ерларидаги табиий доривор, ем-хашак ва бошқа ўсимликларда тарқалган касаллик қўзғатувчи замбуруғ турларини аниқлаш ва қарши кураш чора-тадбирларини такомиллаштириш имконини берган;

287 тур, 58 форма ва 4 вариацияга мансуб бўлган 495 гербарий намуналари жумладан, Ўзбекистон микобиотаси учун янги бўлган турлар намуналари Ўрта Осиёда гербарий намуналари сони бўйича етакчи бўлган республика “Ноёб объекти” – Миллий гербарий (TAHM) фондига топширилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 22 июндаги 4/1255-1657-сон маълумотномаси). Натижада табиий ҳудудлар гербарий фондини бойитиш, юксак ўсимликлар микромицетлари турлар таркибини аниқлаш ҳамда Ўзбекитон микобиотасининг маълумотлар электрон базасини шакллантириш имконини берган;

Нурота қўриқхонаси ҳудудидаги микромицетларнинг 495 та гербарий намуналари бўйича маълумотлар халқаро “Биохилма-хиллик бўйича маълумотлар глобал тизими”га киритилган (GBIF, www.gbif.org, 2018 йил 23 майдаги гувоҳномаси). Натижада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда учрайдиган юксак ўсимликлар микромицетларининг халқаро маълумотлар электрон базасини шакллантириш ва мониторингини амалга ошириш имконини берган.