OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Абдуллаев Анвар Атамуратовичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
13 sen 2018

Абдуллаев Анвар Атамуратовичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Абдуллаев Анвар Атамуратовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Амударё бўлимида  сиёсий-маъмурий бошқарув ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар”  (1873–1924 йй.), 07.00.01–Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Tar134.

Илмий раҳбар: Зияева Доно Хамидовна, тарих фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Қорақалпоқ ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Tar.01.04.

Расмий оппонентлар: Расулов Абдулла Нуритдинович, тарих фанлари доктори, профессор. Джумашев Асқар Мамбетович, тарих фанлари номзоди, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот номи: Тошкент давлат шарқшунослик институти.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ХIХ асрнинг сўнги ва ХХ асрнинг биринчи чорагида (1873–1924 йиллар) Амударё бўлимида ҳукм сурган мустамлака ва совет давридаги сиёсий-маъмурий бошқарув тизими ва суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришларни қиёсий тадқиқ этишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

1873 йилда ташкил топган Амударё округи Россия империясига тўғридан-тўғри бўйсундирилиб, Оролбўйи ва Хива хонлигини мустамлакачилар измида сақлаб туриш мақсадида ҳарбийлаштирилган плацдармга айлантирилганлиги, маъмурий бошқарув ҳамда суд-ҳуқуқ тизимида «буюк давлатчилик шовинизми»нинг ҳукм сурганлиги, бўлим бошлиғи маъмурий-ҳуқуқий бошқарувда чексиз ваколатга эга бўлиб, зарур ҳолатларда судья ва прокурор вазифасини бажарганлиги, ҳарбий дала судларини ташкил қилганлиги, 1881 йилда бўлимда рус (уезд) суди ташкил қилингунга қадар, Амударё бўлимида суд тизими ҳокимиятдан ажратилмаганлиги аниқланган;

Амударё бўлимида анъанавий қози ва бий судлари сақлаб қолиниб, суд жараёнида апелляция вазифасини бажариш учун халқ судьялари съезди, фавқулодда судьялар съезди каби янгиликлар кириб келса-да, амалда уларнинг ваколати асосан, оила-никоҳ, мерос масалалари билан чекланганлиги, улар устидан Амударё бўлими бошлиғининг, 1887 йилдан бошлаб эса, қўшимча равишда прокуратуранинг назорати ўрнатилганлиги, рус судлари ва прокуратура фаолиятига асос бўлган «низом»ларда маҳаллий ва келгинди аҳоли ҳуқуқлари тенг кафолатланмаганлиги аниқланган;

1917 йил октябрь тўнтариши натижасида Россия ва Туркистонда ағдариб ташланган Муваққат ҳукумат органи Амударё бўлимида 1918 йилда ҳам ишлаб турганлиги боис, ҳудудда совет маъмурий-ҳуқуқий органлари нисбатан кеч шаклланганлиги, 1918 йил октябрда қайта ташкил қилинган Амударё депутатлари советининг ижроия қўмиталари барча масалаларни зўравонлик билан ҳал этганлиги, халқ судлари эса, 1919 йил майда ташкил қилиниб, амалда тўлақонли иш юрита олмаганлиги, чексиз ваколатларга эга бўлган фавқулодда органларнинг «занжирли тизгини» – комиссия, бошқарма, трибуналлар (ЧК, ГПУ, ОГПУ, Инқилобий трибуналлар) томонидан инсонлар тақдири судсиз, қонун ва ҳуқуқий нормалардан ташқари ҳолатда, «инқилоб» номидан репрессив чоралар билан ҳал этилганлиги, 1922 йилда совет прокуратураси ташкил этилгач, судлар ваколати аниқ белгиланиб, улар асосан фуқаролик ва жиноят ишларини кўриш билан шуғулланганлиги, улар билан параллел равишда фаолият юритган партиявий судлар партия аъзоларини жазолаш, уларни инсоний ҳуқуқлардан маҳрум этиш ваколатига эга бўлганлиги аниқланган;

Амударё бўлимида ҳукм сурган Россия империясининг ҳарбийлаштирилган мустамлака бошқарув тизими ҳамда совет ҳокимиятининг маъмурий-буйруқбозликка асосланган бошқарув тузуми шароитида шаклланган, бир-биридан тубдан фарқ қилувчи суд-ҳуқуқ органлари гарчи дунёвий қонунчиликка асосланган бўлса-да, амалда ҳукмрон тузум ва мафкура таъсирида тенг ҳуқуқлилик ҳамда адолатли судловни тўлақонли таъминлай олмаганлиги, давлат ва партия назорати ҳамда тазйиқи остида бўлганлиги, аксарият ҳолларда инсон ҳуқуқлари поймол этилганлиги, тергов ва судсиз, қонунга зид ҳолда сургун, ўлим, қамоқ, мусодара, сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлардан маҳрум қилиш каби ғайриқонуний ва ғайриинсоний чоралар қўлланилганлиги, ҳуқуқий қонунчилик, кадрлар масаласи,  моддий таъминот борасида муаммолар бўлганлиги кўрсатиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Россия империяси ва совет тузуми ҳукмронлиги даврида Амударё бўлимида сиёсий-маъмурий бошқарув, суд-ҳуқуқ тизимининг шаклланиши ва фаолиятининг мазмун ҳамда моҳиятини очиб бериш бўйича олинган илмий натижалар ва амалий таклифлар асосида:

мустамлака даврида Амударё бўлимида юз берган ижтимоий-сиёсий  жараёнлар, шаҳар ва бўлисликлардаги маъмурий-сиёсий бошқарув тизими, суд-ҳуқуқ соҳасида юз берган ўзгаришлар ҳақидаги материаллардан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида ФА–Ф1–Г001 рақамли «Қорақалпоғистон жаҳон маданияти контекстида: Қуйи Амударё этагидаги шаҳар ва шаҳар маданиятининг тарихий истиқболи. 2012–2016 йиллар» мавзусидаги фундаментал илмий лойиҳани бажаришда  фойдаланилган (Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2017 йил 13 ноябрдаги 177/1-сон маълумотномаси). Қўлланилган натижалар мазкур илмий лойиҳани материаллар, манбалар ва маълумотлар билан тўлдиришга, ўлка, хусусан, Амударё бўлими сиёсий-маъмурий бошқарув тизими, суд, прокуратура фаолияти ҳақидаги маълумотларни илмий асосда ёритишга хизмат қилган;

Совет сиёсий-маъмурий бошқарув органлари, суд-ҳуқуқ тизими халқни назоратда ушлашга ва унинг итоатини таъминлашга хизмат қилганлиги ҳақидаги  тадқиқот материалларидан Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи экспозицияларини тайёрлашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг 2017 йил 15 декабрдаги 360-сон; Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги 2018 йил 10 майдаги 2–04/916-сон маълумотномалари). Тадқиқот натижасида тўпланган ҳужжат ва материалларнинг музей экспозицияларида намойиш қилиниши ўлка халқларининг бошидан кечирган тарихий жараёнларни кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга.