OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Шадиева Нилуфар Искандаровнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
09 iyul 2018

Шадиева Нилуфар Искандаровнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Шадиева Нилуфар Искандаровнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Вертикал зоналликда тарқалган тупроқларнинг гумусли ҳолати, гумус моддаларининг шаклланиш механизмини тадқиқ этиш (Туркистон тоғ тизмаси мисолида)», 03.00.13–Тупроқшунослик (биология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/В52.

Илмий маслаҳатчи: Тошқўзиев Маруф Мансурович, биология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.Qx/B.43.01.

Расмий оппонентлар: Юлдашев Гулом, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Уразбоев Исматулла Умматович, биология фанлари доктори, доцент; Жаббаров Зафаржон Абдукаримович, биология фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II.Тадқиқотнинг мақсади: тоғ, тоғ ёнбағирларида таркиб топган асосий тупроқ тип ва типчаларида гумус ҳосил бўлиши, шаклланишида табиий ва антропоген омилларнинг иштирокини тавсифлаш ҳамда ушбу тупроқлардаги гумуснинг таркиби, гумус моддаларининг айрим физик-кимёвий хоссалари ва гумусли ҳолатини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Туркистон тоғ тизмаси қўриқ ва лалми тупроқларининг гумусли ҳолати, гумус ҳосил бўлиши механизмининг ўзига хос жиҳатлари исботланган;

тоғ ва тоғ олди тупроқларининг гумусли ҳолати, физик-кимёвий хоссалари ва карбонатлар таркиби аниқланган;

турли иқлим шароитида шаклланган тупроқларда биологик фаоллик даври билан гумификация даражаси, гумин кислоталари орасидаги боғлиқлиги исботланган;

гумин кислоталарининг физик-кимёвий хоссалари – оптик зичлиги, коагуляция чегараси ҳамда гумуснинг энергия заҳираси аниқланган;

вертикал зоналликда тарқалган ҳар бир тупроқ тип ва типчалари гумусининг гуруҳий ва фракциявий таркиби бўйича ўзига хос фарқланишлари аниқланган;

кўп йиллик тажриба тизимида олиб борилган тадқиқотлар асосида тупроқларда гумус моддаси шаклланиши ва унинг йиллар бўйича ўзгариш динамикаси аниқланган;

Туркистон тоғ тизмасининг шимолий қисми тупроқларининг гумус заҳираси картаси ва гумус типи картограммаси республика шароитида ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Вертикал зоналликда тарқалган тупроқларнинг гумусли ҳолати, гумус моддаларининг шаклланиш механизмини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

«Тупроқларда гумус ҳосил бўлиши, гумусли ҳолатини яхшилаш бўйича агротехнологияларни қўллашга доир амалий тавсиялар» Ер ресурслари геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасида амалиётга жорий этилган (Ер ресурслари геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2018 йил 29 майдаги 02-05-4252-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиялар тоғ ва тоғ олди минтақаси тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, ноқулай рельефли, эрозияланган ҳудудлар тупроқларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишда илмий асос бўлиб хизмат қилган;

1:10000 масштабли ишлаб чиқилган гумус типи картограммаси Жиззах вилояти Бахмал туманидан танлаб олинган калит майдонининг тўқ тусли бўз тупроқлари учун жорий этилган (Ер ресурслари геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2018 йил 29 майдаги 02-05-4252-сон маълумотномаси). Натижада гумус типи картограммаси маълумотларидан гумус моддасининг йиғилиши ва йўқотилишини мониторинг қилишда ҳамда тупроқлар унумдорлигини сақлаш ва ошириш имконини берган;

тоғ ва тоғ олди тупроқларининг гумус заҳираси картаси ва гумус типи картограммаси маълумотлари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида амалиётга жорий қилинган (Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2018 йил 24 майдаги 05/05-1421-сон маълумотномаси). Ушбу картографик маълумотлар қишлоқ хўжалиги экинларини тўғри жойлаштиришда, ўрмонзор, боғ ва токзорларни барпо қилиш ва уларни парваришлашдаги агротехнологик тадбирлар ишлаб чиқишда илмий асос бўлиб хизмат қилган.