OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Фазилова Дилбархон Шамурадовнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
28 iyun 2018

Фазилова Дилбархон Шамурадовнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Фазилова Дилбархон Шамурадовнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сунъий йўлдош технологиялари асосида Ўзбекистон миллий координаталар референц тизимини ишлаб чиқиш», 01.03.01–Астрономия (физика-математика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.4.DSc/FM106.

Илмий маслаҳатчи: Эгамбердиев Шухрат Абдуманнапович, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Астрономия институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ядро физикаси институти, Астрономия институти, Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.FM/T.33.01.

Расмий оппонентлар: Малкин Зиновий Меерович,физика-математика фанлари  доктори, катта илмий ходим; Хусомиддинов Сабриддин Самарович,  физика-математика фанлари доктори, профессор; Ильясов Сабит Пулатович, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим.

Етакчи ташкилот: Россия Фанлар академияси Астрономия институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида  классик астрономик ва замонавий  сунъий йўлдош технологиялари маълумотларини самарали жамлаш имконини берувчи ITRS (International Terrestrial Reference System) халқаро тизимини интеграциялаш йўли билан замонавий юқори аниқликка эга миллий геоцентрик координаталар тизимини ишга туширишни оптималлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

республика ҳудуди учун миллий геоцентрик таянч координаталар тизимини танлаш ва уни оптимал ишлатишга оид техник тавсиялар ишлаб чиқилган;

геоцентрик тизимга ўтиш учун шоқул оғишини астрономик ўлчашлардан фойдаланиб «умумий нуқталар»ни аниқлаш усули тавсия қилинган ва яратилган;

СК-42 маҳаллий координаталар тизимидан WGS-84 геоцентрик координаталар тизимига ўтишда амалиётда қўлланилаётган трансформация параметрлари аниқлигининг ҳудуд рельефига боғлиқлиги аниқланган;

республика ҳудудида СК-42 маҳаллий координаталар тизими ва WGS-84 геоцентрик координаталар тизими орасидаги ўтиш координаталарини қайта ҳисоблаш учун алгоритмлар, математик моделлар ва уларга мос дастурий мажмуа ишлаб чиқилган;

республика сунъий йўлдош тизимининг янги станциялари координаталарини ҳисоблаш учун юқори аниқликдаги позициялаш  усулидан фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган;

доимий, мавсумий ва норегуляр ташкил этувчиларни аниқлаш, тектоник, гидрологик ҳамда техноген таъсирларни баҳолаш учун республика таянч станциялари координаталари ўзгаришларининг прогноз модели ишлаб чиқилган;

EGM2008 Ер глобал гравитацион майдони модели ва GNSS-ўлчашлардан фойдаланиб нормал баландликларни ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбекистон миллий координаталар референц тизимини ишлаб чиқиш асосида:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таянч координаталар тизимини танлаш ва оптимал қўллаш, СК-42 маҳаллий координаталар тизимидан WGS-84 геоцентрик координаталар тизимига ўтиш параметрларини танлаш бўйича тавсиялар Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида йўлдош тизими пунктлари координаталарини ҳисоблаш учун қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2018 йил 1 майдаги 02-02-3413-сон маълумотномаси). Илмий натижаларининг қўлланилиши таянч станциялар ишининг ишончлилигини таъминлаш, реал вақт режимида ўлчашлар ўтказиш сифатини ошириш  имконини берган;

юқори аниқликдаги позициялаш усули, фойдаланувчи координаталар тизимига ўтказиш дастурий таъминоти ва Китоб, Тошкент, Майданак ва Майдонтол станциялари координаталари ва тезликлари каталоги вилоятларда янги пунктларни ўрнатиш учун жой танлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Геодезия ва картография Миллий марказининг 2018 йил 1 майдаги 02-02-3413-сон маълумотномаси). Илмий натижаларининг қўлланилиши минтақа деформацион моделини қуриш учун таянч пунктларга жой белгилаш аниқлигини ошириш имконини берган;

классик ўлчашлар, топографик хариталар ва баландликлар аномалияси ва EIGEN-6C4, EGM2008 гравитацион моделлар маълумотлари бўйича аниқланган нормал баландликларни ва оғирлик кучи тезланишининг аниқлаш услуби республика баландлик тизимини ўрнатишда фойдаланиш учун тавсия қилинган (Ўзбекистон Республикаси Геодезия ва картография миллий марказининг 2018 йил 1 майдаги 02-02-3413-сон маълумотномаси). Илмий натижаларининг қўлланилиши Республика ҳудуди учун аниқ геоиднинг йўқлигини эътиборга олган ҳолда, миллий геоцентрик координаталар тизимининг ягона баландлик ташкил этувчисини баҳолаш имконини берган.