OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Серкаев Қамар Пардаевичнинг диссертация ҳимоясисиз ихтиро патентлари асосида фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни
 
14 iyun 2018

Серкаев Қамар Пардаевичнинг диссертация ҳимоясисиз ихтиро патентлари асосида фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

Серкаев Қамар Пардаевичнинг

диссертация ҳимоясисиз ихтиро патентлари асосида

фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича эълон матни

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтиссослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Пахта чигитини комплекс қайта ишлаш ва чиқиндилардан самарали фойдаланишнинг илмий-амалий асосларини ишлаб чиқиш», 02.00.17–Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш, сақлаш ва қайта ишлаш технологиялари ва биотехнологиялари (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/T23.

Илмий маслаҳатчи: Салихов Шавкат Исмаилович, биология фанлари доктори, профессор, академик.

Илмий тадқиқот иши бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.T.04.01.

“Енгил рафинацияланадиган пахта мойини ва таркибида госсипол миқдори кам бўлган шротни олиш усули”га берилган ихтиро патентига (№IAP 03125-2006 й.) Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 05 апрелдаги 02-11/793-сон хулосаси.

“Пахта мойини оқлаш усули”га берилган ихтиро патентига (№IAP 03176-2006 й.) Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 05 апрелдаги 02-11/794-сон хулосаси.

“Ўсимлик мойларини рафинациялаш усули”га берилган ихтиро патентига (№IAP 03393-2007 й.) Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2018 йил 05 апрелдаги 02-11/795-сон хулосаси.

II. Тадқиқотнинг мақсадипахта чигитини тайёрлаш, мой ажратиш ва рафинациялаш технологик жараёнларини такомиллаштиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

пахта чигити янчилмасини қовуришдан олдин таркибида 10% карбамид ва 1,0–1,5% натрий силикатини  сақловчи «Силикат-карбамидли эритма» билан ишлов бериб, эркин ёғ кислоталари, ранг берувчи моддалар ва госсиполни самарали боғлашга қаратилган янги усули ишлаб чиқилган (№IAP 03125);

пахта чигити янчилмасига силикат-карбамидли ишлов бериш жараёнида рафинацияланмаган пахта мойининг кислота ва ранг сонини 25–40% гача пасайишига олиб келувчи омиллар аниқланган (№IAP 03125);

ажратиб олинадиган пахта мойи ва шрот таркибига ўтадиган эркин госсиполнинг миқдорини 0,01% гача камайишида карбамид ва натрий силикати эритмасини янчилманинг мағиз қисмидаги моддаларга таъсири асосида госсиполни максимал боғланиши учун керакли оптимал шароитлар аниқланган (№IAP 03125);

рафинация жараёни чиқиндиси соапстокни коагуляцияси учун бериладиган сув ўрнига мой массасига нисбатан 0,125% натрий ишқори ва 0,2% карбамид сақловчи эритма билан икки босқичда сувлаш усули ишлаб чиқилган (№IAP 03393);

ўсимлик мойларини рафинациялаш жараёнида мой таркибидаги фосфатидлар ва бошқа ҳамроҳ моддаларнинг ишқор-карбамидли эритма муҳитида гидрофил ҳолатга ўтиб, уларнинг фаоллиги ошиши аниқланган (№IAP 03393);

ўсимлик мойларини рафинациялаш жараёнида соапстокни ишқор-карбамидли эритма билан сувлаш жараёнининг оптимал шароитлари ишлаб чиқилган (IAP 03393). 

мойга оқловчи тупроқ билан ишлов беришдан олдин 15 дақ. давомида мой массасига нисбатан 0,25–1,0 кг/т миқдорида 200 г/л концентрацияли ишқор эритмаси билан ишлов бериш усули ишлаб чиқилган (№IAP 03176);

юқори кислотали мойларни рафинациялаш жараёнида олинган, ранг кўрсаткичлари юқори бўлган мойларни оқартиришда ранг берувчи моддаларни ўзида ютувчи сорбцион марказларни ҳосил қилиш мақсадида мойга бериладиган ишқор миқдори, ишлов бериш вақти, ҳарорати ҳамда адсорбентни майдаланиш даражасининг оптимал параметрлари ишлаб чиқилган (№IAP 03176);

мойни оқлашдан олдин 0,25–1,0% гача қўшиладиган ишқор эритмаси сирт-фаол заррачаларни ҳосил қилиши ва кейинчалик бериладиган 0,5–1,5% гача оқловчи тупроқнинг макроғовакларига ўрнашиши натижасида микроғоваклар ҳосил бўлиши ва тупроқнинг ранг берувчи моддаларнинг ютиш қобилиятини 60% гача яхшилаши аниқланган (№IAP 03176);

пахта чигитини тайёрлаш, мой олиш ва рафинациялаш технологик жараёнлари такомиллаштирилган (№IAP 03125, №IAP 03393, №IAP 03176).

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Пахта чигитини комплекс қайта ишлаш ва чиқиндилардан самарали фойдаланишнинг илмий-амалий асосларини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

яратилган енгил рафинацияланадиган пахта мойини ва таркибида госсипол миқдори кам бўлган шрот олиш усулининг технологик жараёни «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти тасарруфидаги 20 та ёғ-мой корхонасида амалиётга жорий этилган («Ўзпахтаёғ»  АЖнинг 2018 йил 2 майдаги МС/2-1117-сон маълумотномаси). Натижада пахта мойининг ранг сонини 20% гача, кислота сонини 30% гача ва пахта шроти таркибидаги эркин госсипол миқдорини 0,009% гача камайтириш имконини берган;

яратилган технология бўйича олинадиган кам госсиполли пахта кунжарасига Техникавий шартлар «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган (TSh 64-22395588-01:2011). Натижада кам госсиполли пахта кунжарасини ишлаб чиқариш имконини берган;

яратилган технология бўйича олинадиган кам госсиполли пахта шротига Техникавий шартлар (TSh 40.08-027:2013) ва Давлат стандарти (OʻzDSt 3098:2016) «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган. Натижада кам госсиполли пахта шротини ишлаб чиқариш имконини берган;

ўсимлик мойларини рафинациялаш усули асосидаги соапстокни икки босқичли сувлаш билан рафинациялаш технологияси «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти тасарруфидаги 7 та ёғ-мой корхонасида амалиётга жорий этилган («Ўзпахтаёғ» АЖнинг 2018 йил 2 майдаги МС/2-1117-сон маълумотномаси). Натижада рафинацияланган пахта мойи миқдорини ошириш ва соапстокнинг ёғдорлигини 10% гача камайтириш имконини берган;

пахта мойи соапстогини икки босқичли сувлаш усули билан рафинациялаш жараёнига технологик регламент «Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати уюшмаси»нинг 2010 йил 15 мартдаги «Маҳсулот ишлаб чиқариш учун технологик регламентлар тўғрисида»ги тартибига биноан тизимдаги 7 та ёғ-мой корхоналари томонидан тасдиқланган. Натижада унумдорликни 2,0% га ошириш ва мойни ранг сонини 20% гача камайтириш имконини берган;

рафинацияланган пахта мойини адсорбентлар ёрдамида оқлаш технологияси «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамияти тасарруфидаги 5 та корхонада амалиётга жорий этилган («Ўзпахтаёғ» АЖнинг 2018 йил 2 майдаги МС/2-1117-сон маълумотномаси). Натижада мойнинг ранг сонини 40% гача камайтириш имконини берган;

яратилган технологик жараёнлар «Ўзпахтаёғ» акциядорлик жамиятига қарашли корхоналар билан тузилган лицензия ва хўжалик шартномалари асосида саноатга жорий қилинган («Ўзпахтаёғ» АЖнинг 2018 йил 2 майдаги МС/2-1117-сон маълумотномаси). Натижада 2007-2017 йиллар давомида 35,9 млрд. сўмлик иқтисодий самара олиш имконини берган.