OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Касимова Азиза Бахадировнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
14 iyun 2018

Касимова Азиза Бахадировнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Касимова Азиза Бахадировнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Эластик ва иссиқлик сақловчи хусусиятга эга бўлган пахта-нитрон трикотаж полотносидан устки кийимларни лойиҳалашнинг методологик асослари», 05.06.04–Тикувчилик буюмлари технологияси ва костюм дизайни (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/T324.

Илмий раҳбар: Нигматова Фатима Усмановна, техника фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, DSc.27.06.2017.Т.08.01.

Расмий оппонентлар: Алимова Халима Алимовна, техника фанлари доктори, профессор; Пулатова Сабохат Усмановна, техника фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Наманган муҳандислик-технология институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: пахта-нитрон полотносидан эластиклик ва иссиқлик сақловчан хусусиятга эга бўлган, эксплуатация даврида юқори қулайликни таъминловчи устки трикотаж кийимларини лойиҳалашнинг методологик асосларини яратишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

спорт йўналишидаги, анъанавий кийимлардан юқори эластиклик ва иссиқлик сақловчанлиги билан ажралиб турувчи яхлит тўқилган қоматга зич ёпишган буюмларни узлуксиз лойиҳалаш усули ишлаб чиқилган;

илк бор трикотаж полотноларини нитрон аралашмаси билан тўқиш самарадорлигини дифференциал баҳолашни ўз ичига олган узлуксиз лойиҳалашнинг умумлаштирилган коэффициенти  таклиф қилинган ва кийим турли зоналари учун  унинг сонли қийматлари аниқланган;

қайишқоқ қобиқларни ҳисоблашнинг моментсиз назариясини қўллаш асосида трикотаж полотносининг қалинлигини аниқлашнинг аналитик усули ишлаб чиқилган;

турли чўзилувчанлик зоналари билан фарқланувчи трикотаж полотнонинг деформацион хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда юқори эластик трикотаж буюмларни лойиҳалаш усули такомиллаштирилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Пахта-нитрон полотносидан эластиклик ва иссиқлик сақловчан хусусиятга эга бўлган, эксплуатация даврида юқори қулайликни таъминловчи устки трикотаж кийимларини лойиҳалаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

велосипедчи спорт кийимининг янги намунасига Интеллектуал мулк агентлигининг саноат намунаси учун патентлар олинган (“Велосипед спортчилари учун кийим”, №SAP 00851-2010 й.; “Велосипедчи учун спорт кийими”, №SAP 01429-2015 й.) Натижада ўспирин ёшдаги спортчиларни импорт ўрнини босувчи  комфорт, қулай ва ҳаммабоп кийим билан таъминлаш имконини берган;

велоспорт билан шуғулланишга ҳамда машқларни ўтказишга мўлжалланган куртка ва комбинезондан иборат эркаклар спорт костюми базавий конструкцияси «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тизимидаги корхоналарда, хусусан «YUTEX» хусусий корхонаси, “JAJJI LIBOSLAR” МЧЖда жорий этилган («Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг 2018 йил 2 апрелдаги ДМ/167-сон маълумотномаси). Олинган натижалар маҳаллий хомашёдан тайёрланган кийимларни импорт намуналар билан алмаштириш ҳамда кийимларни иссиқлик сақловчанлик хусусиятларини яхшиланиши имконияти яратилган;

пахта-нитрон полотносидан эластиклик ва иссиқлик сақловчан хусусиятга эга бўлган устки трикотаж кийимларини узлуксиз лойиҳалаш усули «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тизимидаги корхоналарда, хусусан “LYUKS PLUS SERVIS” МЧЖда жорий этилган («Ўзтўқимачиликсаноат»  уюшмасининг 2018 йил 2 апрелдаги ДМ/167-сон маълумотномаси). Спорт кийимлари комплектини ва уни тайёрлаш технологиясини қўллаш конструктив чоклар сонини камайтириш эвазига кийимни тайёрлаш учун вақт сарфини 32,6%гача қисқартириш, берилган кийим контурини бевосита трикотаж машинасида олиш ҳисобига ишлаб чиқариш чиқиндиларини 22%га камайтириш имконини берган.