OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Шакирова Фароғат Болтаевнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
02 iyun 2018

Шакирова Фароғат Болтаевнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Шакирова Фароғат Болтаевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Инновацион ривожланиш негизида барқарор иқтисодий ўсиш механизмини такомиллаштириш”, 08.00.01–Иқтисодиёт назарияси (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: B2018.2.PhD/Iqt612.

Илмий раҳбар: Хамираев Одил Хамизаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.27.06.2017.I.17.01.

Расмий оппонентлар: Набиев Элшод Ганиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Расулов Тўлқин Сатторович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот:  Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: инновацион ривожланиш негизида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш механизмини такомиллаштириш юзасидан илмий таклиф ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда инновацион инфратузил­манинг таркибий қисми ҳисобланган технопарклар ташкил этиш ва уларга ер солиғи, фойда солиғи, мол-мулк солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар бериш зарурлиги асосланган;

республикамиз ҳудудларида инновацион иқтисодиётнинг технологик укладини ташкил этувчи эркин иқтисодий зоналарнинг ҳуқуқий-ташкилий жиҳатларини такомиллаштириш ва улар сонини кўпайтириш негизида мамлакатга жалб этилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ҳажмини кўпайтириш ва инновацион салоҳиятини оширишга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилган;

инновацион маҳсулотлар яратиш, интеллектуал мулк объектлари бозорини шакллантириш ва уларни мустақил мониторинг тизими орқали тезкор равишда расмийлаштириш ҳамда ишлаб чиқаришга татбиқ этишга оид илмий таклифлар ишлаб чиқилган;

инновацион ишланмаларнинг патентлаш тартибини соддалаштириш ва уларнинг интеллектуал мулк объектларини муҳофазалашни такомиллаштиришга бағишланган амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Инновацион ривожланиш негизида барқарор иқтисодий ўсиш механизмини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар асосида:

миллий инновация тизимида инновацион инфратузилманинг моддий, техник-технологик асосларидан бири ҳисобланган технопаркларни ташкил этиш ва уларга солиқ ҳамда божхона имтиёзларини бериш таклифи “Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги инновация технопарки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 25 декабрдаги АД-3-1/9-9-293-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши натижасида 2017-2018 йилларда уч корхона томонидан инвестиция мақсадлари учун 594,3 млн. сўм миқдоридаги маблағлар сарфлаш имконияти яратилган;

эркин иқтисодий зоналар – инновацион иқтисодиётнинг моддий, техник-технологик негизини яратувчи манбалар ҳисобланиши, уларни ташкил этишнинг ҳуқуқий-ташкилий масалаларини ҳал этиш ва сонини кўпайтириш чора-тадбирлари мажмуасини ишлаб чиқиш ҳамда уларга солиқ ва божхона имтиёзларини бериш лозимлиги ҳақидаги таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-4931-сон Фармони, 2017 йил 7 августдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-3175-сон фармонини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 25 декабрдаги АД-3-1/9-9-293-сон маълумотномаси). Ушбу таклифни амалиётга қўлланилиши асосида 2017 йилнинг 9 ойи давомида эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари ихтиёрида 36,9 млрд сўм миқдоридаги маблағ қолдирилган;

инновацион ишланмаларни патентлаш тартибини соддалаштириш ва интеллектуал мулк объектларини муҳофазалашнинг ҳуқуқий-институционал асосларини такомиллаштиришга оид илмий таклифлари “Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги низом”нинг 2-боб 5-моддасини тайёрлашда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2016 йил 9 декабрдаги 01/27-08-сон маълумотномаси). Илмий натижадан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятида мамлакатимизда яратилган инновацион маҳсулотлар, ишланмаларни патентлаш тартибини соддалаштиришга, интеллектуал мулк объектларини муҳофазалаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоялаш тизимини самарали ташкил этишга хизмат қилган;

инновацион ишланмалар бўйича берилган патентларнинг ягона реестрини юритиш, уларнинг самарали ишлаши устидан мониторинг қилишни ваколатли давлат органи зиммасига юклатиш лозимлиги тўғрисидаги амалий тавсиялари “Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги низом”нинг 2-боб 6-моддасига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2016 йил 9 декабрдаги 01/27-08-сон маълумотномаси). Илмий натижадан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятида берилган патентларнинг ягона реестрини юритиш, уларнинг амалиётга даҳлдорлиги ва татбиқ этилиши устидан ваколатли давлат органи томонидан мониторинг ўрнатиш тизимини ташкил этиш имконини берган.