OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Муродова Матлуба Шукуровнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
02 may 2018

Муродова Матлуба Шукуровнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Муродова Матлуба Шукуровнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек никоҳ тўйи  фольклорининг жанрлар таркиби ва бадиияти  (Ўрта Зарафшон воҳаси материаллари асосида)”, 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Fil98.

Илмий раҳбар: Эшонқулов Жаббор  Cолиевич, филология фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.

Расмий оппонентлар: Ўраева Дармоной Саидаҳмадовна, филология фанлари доктори; Тиловов Абдимурод Холмуротович, филология фанлари номзоди, доцент.

Етакчи ташкилот: Жиззах давлат  педагогика институти.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўрта Зарафшон воҳаси ўзбек никоҳ тўйи маросими фольклорининг жанрлар таркиби, генезиси ва тарихий-тадрижий ривожи қонуниятларини ойдинлаштириш, маросим қўшиқларининг ўзига хос локал хусусиятлари ва бадииятини тадқиқ этишдан иборатдир.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

Ўрта Зарафшон воҳаси аҳолисининг никоҳ тўйи маросими фольклорига оид материаллар илк бор яхлит бадиий тизим сифатида шакллантирилган, уларнинг умумўзбек фольклори анъаналари билан муштарак ҳамда ўзига хос ҳудудий-локал хусусиятлари аниқлаштирилган;

никоҳ тўйи маросими қўшиқларининг ҳаётий-маиший вазифалари, тарихий-генетик илдизлари, тадрижий ривожи босқичлари ва постфольклор намунаси сифатидаги хусусиятлари очиб берилган;

тўй маросим фольклори вербал компонентларининг поэтик сўз, мусиқий оҳанг, хореографик-драматик ҳаракат ва этнографик контекст билан бевосита боғлиқлиги асосланган;

бадиий тафаккурнинг қадимий намуналаридан бўлган никоҳ тўйи маросими фольклори сўз магияси, аждодлар ҳомийлигига ишонч, серҳосиллик, қут-барака ва эзгуликни улуғлаш ғояларини ифода этганлиги ёритилган;

никоҳ тўйининг бугунги кунга қадар сақланиб қолган кўпгина узвлари Ўрта Осиёда яшаган қадимги аждодларнинг архаик маросимлари асосида келиб чиққанлиги сабабли ўзбек тўй маросими фольклорида магик ва анимистик тасаввурлар, шунингдек, ўсимлик, олов, остона культи билан боғлиқ кўҳна эътиқодлар излари мавжудлиги далилланган;

ўзбек маросим фольклорини муайян ҳудудлар материаллари асосида ўрганиш халқ оғзаки ижоди жанрларининг мукаммал таснифини яратиш ва номоддий маданий меросни сақлаш ҳамда муҳофаза этишнинг комплекс дастурларини яратишга асос бўлиши исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

ўзбек маросим фольклорининг ўзига хос табиати ва жанрлар тизими хусусиятларини ёритиш жараёнидамаънавий-маърифий тизимни такомиллаштириш бўйича белгиланган тадбирлар асосида:

Ўрта Зарафшон воҳаси ўзбек никоҳ тўйи маросими фольклорининг ўзига хос хусусиятлари, жанрлар таркиби ва бадиияти ёритиб берилган мақолалар, маросим қўшиқларининг тарихий асослари, тадрижий ривожи ва локал табиатини ўрганишга доир фикрлардан “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари” мавзусидаги Ф1–ФА.2012–1–8 рақамли фундаментал илмий лойиҳани бажаришда, хусусан, саксон биринчи (“Маросим фольклори: “ёр-ёр”лар), саксон иккинчи (“Маросим фольклори: “келин салом”лар), саксон учинчи (“Маросим фольклори: никоҳ тўйи қўшиқлари”), шунингдек, ўттиз тўртинчи (“Зулфизар”) жилдларидаги халқ оғзаки бадиий ижоди асарлари поэтик матнини тарихий-қиёсий таҳлил қилишда, халқ қўшиқлари ва достонлари матни юзасидан илмий изоҳлар тузишда фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2017 йил ­­­27 ноябрдаги ФТА-02.11/1191-сон маълумотномаси). Бу эса ўзбек халқ тўй маросим қўшиқлари ва романтик достонларининг келиб чиқиш тарихи, тадрижий ривожи ва ижро жараёнида ҳудудий-локал хусусиятлар касб этишини асослаш имконини берган; 

ўзбек никоҳ тўйи фольклорининг жанрлар тизими ва бадииятининг ўзига хос хусусиятларига оид материаллар асосида маданият ва санъат таълим соҳаси бакалавриат йўналишлари учун “Фольклор ва этнография” ўқув қўлланмаси чоп этилган (6.11.2006, 251-сон). Натижада талабаларнинг ўзбек фольклоршунослигининг ўзига хос жиҳатлари, жанрлар таркиби ва маросим фольклори бадииятини ўрганиш самарадорлиги оширилган, республикамиздаги фольклор-этнографик ансамбллари ижодий   фаолиятида ҳамда республика миқёсидаги маданий-маърифий тадбирларда услубий қўлланма сифатида фойдаланилган; 

Зарафшон воҳаси аҳолиси номоддий маданий меросига доир илмий-назарий умумлашмалар маданият ва санъат йўналишидаги олий ўқув юртлари таълим жараёнига жорий этилган “Халқ ижодиёти” ўқув қўлланмасида ўз ифодасини топган (2.02.2015, 32-047-сон). Натижада талабалар ўзбек халқ оғзаки ижодининг жанрлар тизими, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одат ва маросимлар ҳамда уларнинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида кенг қамровли билим олишига, шунингдек, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш самарадорлигини оширишга эришилган;

ўзбек никоҳ тўйларининг ўзига хослиги, ҳозирги кунга қадар давом этиб келаётган қадимий урф-одатлар ва унинг ҳудудий жиҳатдан фарқланишига  оид илмий қараш ва хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Маhalla” радиоканалининг “Қадрият” эшиттириши ҳамда “Маhalla” телеканалининг “Қадр топган қадриятлар” телекўрсатувларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2017 йил 30 ноябрдаги 05-15/4880-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинлар ҳамда радиоэшиттириш мухлислари ўзбек никоҳ тўйларининг ўзига хос локал хусусиятлари, асрлар давомида миллий қадрият сифатида сақланиб келинаётган жанрлари ҳақида янги маълумотларга эга бўлган;

ўзбек маросим фольклори жанрлар тизими хусусиятларига оид материаллардан Республика Маънавият ва маърифат  марказининг маънавий қадриятлар, урф-одатлар ва миллий анъаналарни кенг тарғиб қилиш борасидаги давра суҳбатлари, “Мафкуравий иммунитетни шакллантириш-нинг педогогик-психологик тренинглари”, “Миллий тарбия дурдоналари” рисолаларини тайёрлаш, “Анъана – қадрият – урф-одат” туркумида ёшлар ўртасида ватанга садоқат ва миллий ўзликни англаш мавзуларида ўқув-семинар тренингларини ташкил қилишда фойдаланилган (Республика  Маънавият ва маърифат  марказининг 2018 йил 15 январдаги 02/09-61-18-сон далолатномаси). Натижада ёшларда ватанга садоқат, миллий ўзликни англаш, мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантиришда урф-одат ва анъаналар мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиш имконияти яратилган.