OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Қурбонова Мунаввара Абдужабборовнанинг фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
17 apr 2018

Қурбонова Мунаввара Абдужабборовнанинг фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Қурбонова Мунаввара Абдужабборовнанинг

фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек болалар нутқининг прагматик хусусиятлари», 10.00.01–Ўзбек тили, (филология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.DSc/Fil70.

Илмий маслаҳатчи: Лутфуллаева Дурдона Эсановна, филология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.27.06.2017.Fil.19.01.

Расмий оппонентлар: Худайберганова Дурдона Сидиковна, филология фанлари доктори; Маматов Абдумурод Эшонқулович, филология фанлари доктори, профессор; Ҳакимов Муҳаммад Хўжахонович филология фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ўзбек болалар нутқининг прагматик хусусиятларини аниқлаш, нутқий актнинг прагматик хусусиятларини очиб бериш, болалар нутқида дейктик вазифа бажарувчи тил бирликлари, пресуппозиция, коннотация ва баҳо муносабатининг ифодаланишини асослашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ўзбек болаларига хос нутқий акт турлари аниқланган, бевосита ва билвосита нутқий акт турлари фарқланиб, прагматик хусусиятлари очиб берилган;

болалар перцептив фаолиятида коммуникатив-прагматик тўсиқни юзага келтирувчи лисоний ва нолисоний омиллар аниқланиб, прагматик тўсиқнинг нутқни тушунишга салбий таъсир кўрсатиши исботланган;

болалар нутқида дейктик вазифа бажарувчи фонетик, лексик, морфологик, синтактик бирликлар белгиланиб, болалар ва катталарга хос дейктик бирликларнинг фарқли жиҳатлари асосланган;

болалар нутқининг пресуппозицион хусусиятлари очиб берилган, катталарда ҳам кузатиладиган ва фақат болаларга хос “пресуппозиция сигналлари” аниқланган;

коннотациянинг болалар нутқида ҳосил бўлиши усуллари далилланган;

болалар нутқида баҳо муносабатининг ифодаланиши, ижобий ва салбий баҳо турлари фарқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Ўзбек болалар нутқини прагматик жиҳатдан тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

П.Қодировнинг «Акрамнинг саргузаштлари» қиссасидаги нутқий бирликларнинг  прагматик тавсифига оид материаллар таҳлилида Artvin Ҫoruh университетининг (Туркия) 2013.S23.02.15 рақамли «Pirimkul Kadirov’un Romanlari Ьzerine Bir Inceleme» лойиҳасида фойдаланилган (Artvin Ҫoruh университетининг 2016 йил 27 июлдаги Е.3546-сон маълумотномаси). Болаларга хос нутқий актлар таҳлили асосида П.Қодиров асарларининг тил имкониятлари, ёзувчининг индивидуал услуби, образ яратиш маҳорати очиб берилган;

болалар нутқида фаол қўлланувчи устоз, рамазон ойининг фазилатлари ҳақида қўшиқ куйловчи болаларга ишора қилувчи рамазончи каби бир қатор дейктик номларнинг социопрагматик хусусиятлари ҳақидаги назарий хулосалар ФА-Ф1-Г041 рақамли «Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш» номли фундаментал лойиҳага татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 26 мартдаги 3/1255-749-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари асосида мазкур лексик бирликларнинг прагматик маънолари очиб берилган;

мактабгача ёшдаги болалар коммуникатив фаолиятида кузатиладиган аксарият прагмалингвистик жиҳатларнинг нутқий одоб кўникмаларининг шаклланганлик даражаси билан боғлиқ ҳолда намоён бўлиши, бадиий адабиётда болалар тилидан акс эттирилган коннотатив ва баҳо ифодаловчи воситалар орқали тил бирликларининг нутқий имкониятларини мукаммал билиш матнни мантиқий-семантик жиҳатдан чуқур идрок этишда муҳим роль ўйнаши хусусидаги назарий қарашлардан А-1-069 рақамли “Ўзбекистонда оила институтини ривожлантиришнинг ва баркамол авлодни тарбиялашнинг маънавий-ҳуқуқий, демографик, тиббий-психологик омилларини тадқиқ қилиш” мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 5 январдаги 89-03-1253-сон маълумотномаси). Натижада болалар томонидан эмоционал-экспрессив бўёқдор сўзларнинг қўлланишида ижтимоий муҳит, хусусан, бобо ва бувиларнинг ўрни ҳақидаги масалалар илмий асосланган;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» телеканалининг «Замонавий таълим» кўрсатуви сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» телеканалининг 2018 йил 31 январдаги 02-15/53-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар  кўрсатувнинг холис ёндашув асосида тайёрланиши, мулоқот хулқининг шаклланиши ва ривожланишида ижтимоий-психологик, миллий-маданий омилларнинг ўрни хусусидаги замонавий қарашларни оммалаштиришга хизмат қилиши ҳамда тарбиявий аҳамиятини оширишга имкон берган.