OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Ташпулатов Йигитали Шавкатиллаевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
14 mart 2018

Ташпулатов Йигитали Шавкатиллаевичнинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Ташпулатов Йигитали Шавкатиллаевичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Зарафшон дарёси ўрта оқими альгофлораси ва унинг сув экология-санитария ҳолатини баҳолашдаги аҳамияти», 03.00.05–Ботаника (биология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/B69.

Илмий раҳбар: Алимжанова Холисхон Алимжановна, биология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ботаника институти, Ўзбекистон Миллий университети, Dsc.27.06.2017.B.39.01.

Расмий оппонентлар: Бўриев Сулаймон, биология фанлари доктори, профессор; Хасанов Ботир Очилович, биология фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Зарафшон дарёси ўрта оқими альгофлораси турлар таркибини аниқлаш ва сувининг экология-санитария ҳолатини баҳолашда индикатор-сапроб турларнинг аҳамиятини асослашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор Зарафшон дарёси ўрта оқимида 331 тур ва тур хиллари (219 тур, 85 вариация, 27 форма) аниқланган ва рўйхати тузилган;

илк бор Зарафшон дарёси ўрта оқимининг альгофлораси таркибида Ўзбекистон альгофлораси учун илгари номаълум бўлган 13 тур ва тур хиллари мавжудлиги аниқланган;

альгофлоранинг мавсумий ва дарё оқими бўйлаб ўзгариши аниқланган;

экоальгоценозларнинг дарё оқими ва йил фаслларидаги экологик омиллар таъсирида шаклланиши очиб берилган;

дарё альгофлораси ва унинг таркибидаги индикатор-сапроб турлар билан ўзаро боғлиқлиги исботланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Зарафшон дарёси ўрта оқими альгофлорасини тадқиқ қилиш доирасида олинган натижалар асосида:

Зарафшон дарёси ўрта оқими альгофлорасидаги индикатор-сапроб турларнинг рўйхати, уларнинг сувни ифлосланишини белгиловчи сифат ва миқдорий хусусиятлари республика экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимига, жумладан Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 15 январдаги 03-03/2-314-сон маълумотномаси). Натижалар Зарафшон дарёси ўрта оқимидаги индикатор-сапроб сувўтлари асосида дарё сувининг мавсумий ва оқим бўйлаб органик ифлосланиш даражаларини аниқлаш ва очиқ сув ҳавзалари тозалигини белгилаш имконини берган;

331 тур ва тур хилларидан иборат сувўтлар рўйхати ва индикатор-сапроблик бўйича сувнинг ифлосланиш даражалари кўрсаткичлари ФА-Ф5-Т-230 рақамли «Сув ва қуруқлик экосистемаларида паразитар тизими таркибий қисмларининг шаклланиши ва ҳаракатланиш қонуниятлари» лойиҳасида сув микроорганизмларни аниқлаш ва паразитларни дарё гидробионтлари таркибида тарқалишини асослашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 26 январдаги 4/1255-210-сон маълумотномаси). Натижалар сув ҳавзаларида гидробионтлари билан бир қаторда учрайдиган паразит организмлар рўйхатини тузиш, уларнинг экологик хусусиятлари ҳамда сув ҳавзаларининг органик моддалар билан ифлосланиш даражаси аниқлаш имконини берган;

Зарафшон дарёси ўрта оқимидан йиғилган альгологик намуналари ҳамда уларнинг доимий препаратлари Ботаника институтининг «Сув ҳавзалари сувўтлар флораси» ноёб объекти коллекциясига топширилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2018 йил 26 январдаги 4/1255-210-сон маълумотномаси). Натижалар коллекциянинг «Ўзбекистон дарёлари сувўтлар флораси» фондини бойитган ва сув ҳавзаларини сувўтлар флорасини инвентаризациялаш, сувўтларининг ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқларида фойдаланишда муҳим бўлган турларнинг тоза культураларини ажратиб олиш имконини берган.