OAK sayti » Himoya haqida e'lonlar » Валиева Камола Нуруллаевнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
07 dek 2017

Валиева Камола Нуруллаевнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

Валиева Камола Нуруллаевнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда сон суяги бошчаси асептик некрозларининг клиник-нур ташхиси ва даволаш», 14.00.22–Травматология ва ортопедия (тиббиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Tib91.

Илмий раҳбар: Джураев Ахрор Махмудович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази ва Тошкент тиббиёт академияси, DSc.27.06.2017.Tib.49.01.

Расмий оппонентлар: Поздеев Александр Павлович (Россия Федерацияси), тиббиёт фанлари доктори, профессор; Ходжанов Искандар Юнусович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: замонавий диагностик текширувларни қўллаш ва оператив давонинг янги усулларини ишлаб чиқиш йўли билан болаларда сон суяги бошчаси асептик некрозини даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

асептик некроз жадаллашуви ва оғир коксартроз ривожланишининг олдини олиш учун болаларда сон суяги бошчаси некроз соҳалари ўрнини имплантат билан эрта қоплаш усули ишлаб чиқилган;

чаноқ-сон бўғими соҳасида қон айланиш ва озиқланишни яхшилашга қаратилган суякли ва пай-мушакли пластикани қўллаб сон суяги асептик некрозини оператив даволашнинг янги усули ишлаб чиқилган;

болаларда сон суяги бошчаси асептик некрози кечиши оғирлигини баҳолашнинг клиник-нур ташхис мезонлари ва патологик жараён жадаллашуви хавф омиллари ишлаб чиқилган;

сон суяги бошчаси асептик некрозида некроз ўчоғини имплантация ва пломбалаш учун «Коллапан» гели қўлланиш имконияти экспериментда исботланган;

болаларда ёши, сон суяги бошчаси асептик некрози тури ва оғирлик даражасини ҳисобга олиб консерватив ёки оператив давонинг турли усулларини қўллаш кўрсатмалари оптималлаштирилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Болаларда сон суяги бошчаси асептик некрозини даволаш натижаларини яхшилашга бағишланган тадқиқот бўйича олинган илмий натижалар асосида:

болаларда сон суяги бошчаси асептик некрозини даволаш усули бўйича Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патенти олинган (№ IAP 05326, 2017). Ишлаб чиқилган усулни қўллаган ҳолда сон суяги бошчаси асептик некрози бўлган болаларни оператив даволаш сон бошчаси эпифизи тикланиш муддатини қисқартириш имконини берган;

болаларда сон суяги бошчаси асептик некрози кечиши оғирлигини баҳолашнинг клиник-нур ташхис мезонлари асосида «Болаларда сон суяги бошчаси асептик некрозининг диагностика дастури» ишлаб чиқилиб, соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 17 октябрдаги 8н-д/34-сон маълумотномаси). Таклиф этилган даволаш-профилактика чора-тадбирлари асоратлар частотасини камайтириш, ушбу беморлар гуруҳини даволаш ва реабилитациясига ҳаражатларни қисқартириш имконини берган;

болаларда сон суяги бошчаси асептик некрозларининг диагностикаси ва даволаш сифатини яхшилаш бўйича тадқиқот натижалари Тошкент ва Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва Республика болалар ортопедияси маркази фаолиятига татбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 17 октябрдаги 8н-д/34-сон маълумотномаси). Болаларда сон суяги бошчаси асептик некрозини даволашга таклиф этилган комплекс ёндашувнинг қўлланиши даволашнинг узоқ муддатдаги «ижобий» натижалар частотасини 63,6% дан 88,8% гача яхшилаш имконини берган.