OAK sayti » E'lonlar » Математика ихтисосликлар гуруҳи бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналлар импакт-факторининг тегишли даражаси тўғрисида
 
22 yan 2018

Математика ихтисосликлар гуруҳи бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналлар импакт-факторининг тегишли даражаси тўғрисида

Kategoriya: E'lonlar

Математика ихтисосликлар гуруҳи бўйича халқаро

тизимга кирган илмий журналлар импакт-факторининг

тегишли даражаси тўғрисида

 

«Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 5-бандига мувофиқ тадқиқотлар амалга оширилган муассаса хулосаси ва Илмий кенгаш тақдимномаси асосида салмоқли илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 12 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 8 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида  фан доктори (DSc) илмий даражаси (илмий натижани амалиётга жорий қилиш бўйича талаблар бажарилган ҳолда), муҳим илмий янгиликлар олган ва импакт-фактори тегишли даражада юқори ва рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналларда камида 6 та (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича 4 та) илмий мақола чоп эттирган мутахассисга эксперимент тариқасида фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси ОАK Раёсати қарори билан истисно тариқасида диссертация ҳимоясисиз илмий даража берилиши мумкинлиги белгиланган.

Импакт-фактори тегишли даражасини асослаш мақсадида рўйхат бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналлар импакт-факторининг тегишли даражасини ҳар бир фан тармоғининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгилаш учун вазирлик ва идораларга, етакчи олий ва илмий-тадқиқот муассасаларига мазкур масала юзасидан ўз таклифларини беришни сўраб мурожаат хатлари йўлланди.

Мазкур масала юзасидан 01.01.00–Математика ихтисосликлар гуруҳи бўйича тегишли ташкилотлар, жумладан Ўзбекистон Миллий университети, Математика институти, Андижон давлат университети ва Фарғона давлат университети томонидан тегишли таклифлар киритилди.

ОАК Математика ва механика фанлари бўйича эксперт кенгашининг 2017 йил ноябрь ва декабрь ойларидаги йиғилишларида ушбу таклифлар атрофлича таҳлил қилиниб, 01.01.00–Математика ихтисосликлар гуруҳи бўйича халқаро тизимга кирган илмий журналлар импакт-факторининг 0,6 ва ундан юқори даражаси тавсия этилди.

01.01.00–Математика ихтисосликлар гуруҳи (01.01.01, 01.01.02, 01.01.03, 01.01.04, 01.01.05, 01.01.06) бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси халқаро тизимга кирган илмий журналлар импакт-факторининг 0,6 ва ундан юқори даражасига муносабат билдиришингизни сўраймиз.